2019 йилнинг 15 октябрь куни Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Она қизини урган ўқитувчи устидан орадан 10 ой ўтиб ИИБга арз қилмоқчи” сарлавҳали хабар, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 17 январь куни 44-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи лавозимида ишловчи Манзура Мирзабоева 3”Б” синфга меҳнат дарсини ўтаётган вақтида ўқувчи Диана Османова ёнида ўтирган синфдоши билан бир неча маротаба жанжаллашган. Ўқувчилар ўқитувчиси М.Мирзабоеванинг огоҳлантиришига қарамасдан жанжални давом эттиришган. Дарс жараёнига ҳалал берганликлари учун М.Мирзабоева қўлидаги елим идишни беихтиёр улар томонга отиб юборган ва оқибатда идиш ўқувчи Д.Османованинг бурун қисмига тегиб, уни жароҳатлаган.
Шундан сўнг ўқитувчи М.Мирзабоева Д.Османовани тиббиёт муассасасига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказган ва барча зарурий дори-дармонларни ўз ҳисобидан олиб берган. Шу вақтда Д.Османованинг онаси Н.Османова қизига нисбатан етказилган тан жароҳати юзасидан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилиб, бу ҳақда ёзма тилхат ёзиб берган ва шу кунга қадар ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилмаган.
2019 йилнинг 16 октябрь куни Н.Османова ҳолат юзасидан интернет ижтимоий тармоқлари орқали шикоят билан мурожаат қилган.
Бугунги кунда мазкур ҳолат юзасидан барча зарурий ҳужжатлар жамланиб, Ангрен шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, дея хабар беради ИИВ Ахборот хизмати.






