Туркиянинг “Hurriyet” нашрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашининг аҳамияти, замонавий интеграция ва ҳамкорлик ҳақидаги мақоласи эълон қилинди.
Шавкат Мирзиёев дастлаб Туркий Кенгашнинг еттинчи саммити иштирокчиларини ҳамда бутун турк оламини Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш бўйича Нахчивон келишуви имзоланганининг 10 йиллиги билан табриклади.
“Бугун Туркий Кенгаш ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштириш, уларнинг қарашларини халқаро майдонда самарали илгари суриш учун истиқболли халқаро платформага айланди.
“Бизнинг мамлакат туркий тилли давлат раҳбарларининг илк саммитларида фаол иштирок этган. Давлат раҳбарларининг тарихий тўртинчи саммити 1996 йил 21 октябрь куни Тошкентда ўтганди. Бу туркий давлатлар ҳамкорлиги ривожида муҳим босқич бўлиб, замонавий Туркий кенгаш тузилишига пойдевор қўйганди”, деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, мамлакатимизнинг Туркий Кенгашга қўшилиши туркий оламда интеграциянинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади ва аъзо давлатлар орасида иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилётган вақтда ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.
Туркий Кенгаш минтақасида давлатлараро муносабатларнинг ижобий тенденцияси бизга Кенгаш доирасида ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, “Осиё юраги – Афғонистон учун Истанбул жараёни” каби халқаро институт ва механизмларда янги истиқболларга йўл очади.
“Кенгаш маслаҳатлашув, давлатлараро алоқаларни мувофиқлаштириш механизми ва Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Европада ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда катта имкониятларга эга. Аъзо давлатлар орасида баҳс ва қарама-қаршиликлар йўқ ва бу менинг ўйлашимча муҳим устунлик беради. Барча давлатлар Туркий кенгаш фаолиятига алоқадаор халқаро ва минтақавий масалаларда бир хил ёки бир-бирига яқин қарашларга эга”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий мақсадларини белгилаб олганини маълум қилди.
“Биз транспорт ва транзит соҳасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдормиз. Интеграциялашган транспорт тармоқларининг яратилиши йирик глобал ва минтақавий бозорларга чиқишни таъминлайди. Бу ўринда гап аввало Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб халқаро транспорт йўлаклари, Марказий Осиё минтақасини Хитой, Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган автомобиль, темир йўл ва ҳаво йўллари ҳақида бормоқда.
Шу мақсадда минтақада транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бир қатор стратегик муҳим лойиҳалар амалга оширилди. “Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашқар” автомобиль йўлаги ривожланиши, шунингдек, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилиши билан катта имкониятлар очилмоқда.
Барча соҳаларда илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацияларнинг жорий этилиши ҳар қандай мамлакатнинг рақобатдошлиги ва барқарор ривожланишининг ҳал қилувчи омилидир. Шунинг учун биз Туркий Кенгаш мамлакатларининг инновацион ривожланишини асосий устувор йўналишлардан бири деб биламиз. Шу муносабат билан биз келажакда технологияларни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини илгари суриш учун инновацион ривожланиш учун масъул муассасалар, илмий марказлар ва венчур компаниялар ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни таклиф қиламиз.
Маълумки, туркийзабон давлатлар халқлари ноёб ва бебаҳо маданий, тарихий ва маънавий меросга эга бўлиб, улар бутун инсониятга тегишли. Мамлакатларимизда туркий ва ислом цивилизациясининг тарихий обидалари, буюк алломалар, шоирлар, мутафаккирлар ва санъаткорларнинг мероси сақланиб келинмоқда. Ушбу бебаҳо бойлик бутун инсониятга тегишли, зиёрат туризмини ривожлантириш орқали уни бутун дунёга кўрсатиш керак. Иқтисодий индустрия каби туризм ҳам давлатлар ва халқларни яқинлаштиришда муҳим роль ўйнайди”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
У, шунингдек, глобаллашув ва тинчликка таҳдид ортиб бораётган бир вақтда ўзаро ҳамкорлик ҳар доимгиданда муҳимроқ экани ҳақида сўз юритган.






