Транспорт хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш, йўл четларида тўхтаб туриш жойларини ҳамда йўл-транспорт ҳаракатини бошқариш тизимига оид меъёрий ҳужжатларни ўрганиш мақсадида шаҳар ҳокимияти ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакиллари хизмат сафари билан Санкт-Петербургга ташриф буюришди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Сафардан мақсад – Транспорт режалаштириш маркази фаолияти, автотураргоҳларни бошқариш тизимини ҳамда Санкт-Петербургда йўл ҳаракати ташкиллаштирилишини ўрганиш.
Қайд этиш жоизки, Санкт-Петербург ДБИ “Санкт-Петербургда йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича дирекцияси” фаолиятининг асосий йўналишлари бу: йўл чизмаларини ётқизиш, йўл белгиларини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш, лойиҳалаштириш, светофорлар қуриш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, ҳамда йўл ишлари олиб борилиши вақтида йўл ҳаракатини ташкил этиш чизмаларини мувофиқлаштириш.
Ўз навбатида, Санкт-Петербург Транспорт режалаштириш маркази фаолияти транспорт комплексининг стратегик ва жорий режалаштиришга, шаҳар транспорт комплексининг ишлашини мониторинг қилишга йўналтирилган.
Шу билан бирга делегация шаҳар автотураргоҳларининг ташкил этилиши тартиби билан танишиб чиқишди.






