АсосийJamiyat

Мирободликларга тадбиркор бузган болалар майдони қайтариб бериладиган бўлди

'Мирободликларга тадбиркор бузган болалар майдони қайтариб бериладиган бўлди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Миробод тумани аҳолиси томонидан яшаш уйларини олдида бузилган болалар ўйин майдончасини тиклашни талаб қилганликлари юзасидан хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 9 февралдаги 96-сонли қарорига асосан хусусий тадбиркорга Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 24-уй манзилида жойлашган мавжуд биноларни таъмирлаш ҳамда ўзига тегишли ҳудуднинг 0,04 гектар қисмида қўшимча маъмурий ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуришга рухсат берилган.

Мазкур қарор шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлганлиги боис, Тошкент шаҳар прокуратурасининг протестига асосан бекор қилинган.

Шу билан бирга, Чилонзор туман маъмурий судининг 13.11.2018 йилги ҳал қилув қарори билан ҳам “Барака коммунал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг аризаси қаноатлантирилиб, шаҳар ҳокимининг юқоридаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган. 

Шундан сўнг, болалар ўйин майдончаси ўрнида олиб борилаётган қурилиш ишлари тўхтатилган, лекин, ҳудуд аввалги ҳолатига келтирилмаган.     

2019 йил 16 октябрь куни Миробод тумани прокуратураси томонидан фуқаролар манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига хусусий тадбиркор зиммасига қурилмани бузиш ва ҳудудни аввалги ҳолатига келтириш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Суд қарори қабул қилиниб, ҳолат қонуний ечимини топгунга қадар мазкур масала кун тартибида бўлади.

    Бошқа янгиликлар