16-22 сентябрь кунлари Тошкентда илк бор Европа ҳаракатланиш ҳафталиги ўтказилади. Шу тариқа мамлакатимиз пойтахти ҳам Евроиттифоқ 2002 йилдан буён ташкил этиб келаётган йирик акцияга қўшилади.
Ҳафталик дастурига кўра, 19 сентябрь куни Тошкент метрополитени йўловчиларга текин хизмат кўрсатади. Метро бекатларида мусиқачилар ва актёрлар иштирокида томошалар намойиш этилади, фото ва расмлар кўргазмалари ташкил этилади.
18 сентябрь куни БМТ ва ЕИнинг етакчи экспертлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида шаҳар инфратузилмаси ҳамда йўлларда хавфсизлик таъминлаш мавзусида давра суҳбати ташкил этилади.
22 сентябрь эса «Автомобилсиз ҳаракатланиш куни» деб эълон қилинган. Шу куни Тошкентнинг Лутфий кўчасида пиёда сайр қилиш мумкин бўлади. «Биз билан юр!» шиори остида ўтказилаётган ҳафталик Сеул боғида байрам дастури билан якунланади.
Европа ҳаракатланиш ҳафталиги (European Mobility Week) ЕИ томонидан Халқаро жамоат транспорти иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этиб келинади. Ҳафталикдан кўзланган мақсад ҳам инсонлар саломатлигини сақлаш, ҳам атроф-муҳит тозалигини муҳофаза этишдан иборат. Пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортида ҳаракатланишни кенг тарғиб этиш орқали транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар миқдорини камайтириш, экологияни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда энергия манбаларини тежаш кўзда тутилган.
Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайсга кўра, бу йил ҳафталикда дунёнинг 2450 га яқин шаҳри иштирок этмоқда.
Анъанага кўра, Европа ҳаракатланиш ҳафталиги доирасида фаоллик ва креативлик намойиш этган шаҳарлар тақдирланади. Ўтган йили катта шаҳарлар номинациясида Лиссабон (Португалия), кичик шаҳарлар йўналишида эса Линдау (Германия) European Mobility Week мукофотига лойиқ деб топилган.






