АсосийJamiyat

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси UNWTO Бош котиби билан учрашди

'Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси UNWTO Бош котиби билан учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Санкт-Петербургдаги Бутунжаҳон туризм ассамблеяси (UNWTO)нинг XXIII сессияси доирасида UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашди. Учрашув давомида Ўзбекистоннинг UNWTO билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳақида сўз борди. Зураб Пололикашвили Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди ҳамда UNWTO Европа кенгашининг 65-сессиясини Самарқандда ўтказишда юртимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Суҳбат чоғида Бутунжаҳон туризм ассамблеясининг XXV сессиясини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи маҳокама қилинди. Бош котиб мазкур ғояни қўллаб-қувватлаган ҳолда, UNWTO’нинг Марокашда ўтиши режалаштирилаётган XXIV сессиясида бу масала ишлаб чиқилишини билдирди. Шунингдек, Абдулазиз Аққулов UNWTO’нинг таваккал ва инқирозларни бошқариш бўлими ҳамда консультацион гуруҳ раҳбари доктор Дирк Глэссер билан учрашди ва томонлар Ўзбекистонда туризмни барқарор ривожлантириш масаласини муҳокама қилишди. Учрашув давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ҳузурида Туризм обсерваториясини очиш ғоясини илгари сурди. Мазкур ташаббус жаноб Глэссерга жуда манзур бўлди ва у ушбу обсерваторияни очиш ҳамда унинг вазифалари бўйича зарур тавсияларни берди.

Бундан ташқари, Абдулазиз Аққулов сессия доирасида Люцерндаги Бутунжаҳон туризм форуми президенти ва бош директори Мартин Барт билан учрашиб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш масаласини муҳокама қилди. Ушбу компания билан ҳамкорлик 2 йиллик ҳамкорлик ва барқарор ривожлантириш дастурини кўзда тутади. Бунда нафақат туристлар сонини ошириш, балки шунга мувофиқ инфратузилма, сайёҳларни қабул қилиш маданияти ҳамда меҳмонхона фондини ҳам ривожлантириш назарда тутилади. Бундан ташқари, ушбу дастур доирасида халқаро даражадаги уч тадбирни ўтказиш ҳам режалаштирилади. Компания билан шартнома имзолангандан кейин мазкур ташкилот Ўзбекистонга эксклюзив хизмат кўрсатади, яъни мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилади, учрашувлар белгилайди ҳамда инвестиция жалб қилиш ва инфратузилмани ривожлантиришга оид зарур маслаҳатлар беради.

    Бошқа янгиликлар