Санкт-Петербургда ўтаётган Бутунжаҳон туризм ассамблеясининг XXIII сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Pas Grau Internacional Management (PGI Management) компанияси директори Мариано Хервас билан учрашди.
Маълумот учун: PGI Management тоғ-чанғи комплексларидаги бизнес жараёнларни бошқаришга доир хизматларни тақдим этувчи дунёнинг етакчи компанияси бўлиб, SAETDE/Grandvalira компаниясининг халқаро ваколатхонаси ҳисобланади. Мазкур компания Ўзбекистондаги “Амирсой” лойиҳасининг бош ҳамкоридир. Компания лойиҳа бош режасини тузган, унинг қурилиш ва ишга тушиш жараёнлари мониторингини амалга оширади. Шу билан бирга, лойиҳа йўлга қўйилганидан сўнг бир неча йил давомида операцион бошқарув ва консультацияни юритади. Компания нафақат туризм лойиҳаларини йўлга қўйиб бошқаради, балки унинг атрофидаги инфратузилмаларни комплекс ривожлантириш билан ҳам шуғулланади. Учрашув якунига кўра, 2 пункт бўйича келишувга эришилди. Компания Зомин, Бойсун ва Нанай туристик кластерларини яратишга оид лойиҳаларни молиявий таъминлаш, лойиҳани инвесторларни жалб қилиш учун тарғиб қилиш ҳамда ўзаро манфаатли шароитларда халқаро молиявий институтлар грантлари/кредитларини жалб қилишга доир таклиф беради. Тадбир доирасида PGI Management директори шунингдек Ўзбекистонда туризм турлари диверсификацияси заруратини инобатга олган ҳолда, сайёҳлик зоналарни ривожлантиришга доир қарашлари билан ўртоқлашди.
Мариано Хервас Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги улкан салоҳиятини алоҳида таъкидлаб, юқорида қайд этилган уч лойиҳадан ташқари, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона водийси бош режаларини тайёрлашда кўмак беришга тайёр эканини билдирди. Шу билан бирга, Абдулазиз Аққулов Санкт-Петербургга ташрифи доирасида меҳмонхона бизнеси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи URPEAK бошқарувчи директори Ольга Новицкая билан учрашди. Маълумки, Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони ошгани сайин уларга сифатли хизмат кўрсатиш, кадрлар масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Президентининг 5781-сонли фармонида бу алоҳида кўзда тутилган. Олга Навицкая Қўмита раиси билан учрашув давомида меҳмонхоналарда хизмат кўрсатувчи кадрларнинг малакасини ошириш, Ўзбекистондаги мутахассислар имкониятларини билиш учун дастлаб Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ҳамда меҳмонхоналар ходимлари иштирокида вебинар ўтказиш таклифини билдирди, шундан келиб чиққан ҳолда тизимни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилиб, тақдим этилишига келишилди.
Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси “Россия” Миллий конгресс-бюроси директори Алексей Калачев билан учрашди. Алексей Калачев Президентнинг 5781-фармони асосида ташкил этилаётган Ўзбекистон конгресс ва кўргазма марказини ташкил қилиш, уларда консалтинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. Абдулазиз Аққулов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида берилган топшириққа мувофиқ, “TMI Consultancy” компаниясининг РФдаги офиси директори Хелена Ллойд билан учрашди.
Томонлар Россия Федерациясида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга оид маркетинг режасини тузиш бўйича келишувга эришишди. Режа россиялик туристларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, бир йиллик давр учун тузилади ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. “Ллойд яқин 1-2 ой ичида ушбу режани тайёрлайди, ҳужжат тасдиқдан ўтган тақдирда, ноябрь ойидан ушбу маркетинг режасини амалга ошириш жараёни бошланади. Бунда асосий эътибор дастлаб Янги йил таътили даврида Россиядан Ўзбекистонга саёҳат қиладиган кишилар сонини оширишга қаратилади”, - дейди Абдулазиз Аққулов. Маълумот учун: TMI Consultancy — Буюк Британиянинг туристик хизматлар ва таълим маҳсулотлари тарғиботига ихтисослашган маркетинг компанияси бўлиб, у FIPRA халқаро компанияси ва Travel Consul PR агентлиги билан ҳамкорлик қилади.






