Бугун Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридан «Ўзбекистон — Тожикистон — Хитой» йўналишида янги траспорт кооридори бўйича тажриба-синов автокарвони йўлга чиқди.
Ушбу автокарвон Ўзбекистон ва Тожикистондан Хитойга юкларни тўғридан- тўғри етказиб бериш имкониятлари ва транзит салоҳиятининг мавжуд бироқ тўлиқ фойдаланилмаётган қувватларини намоён этиб беради.
“Термиз — Душанбе — Қашғар” йўналиши бўйича ташкил этилаётган ушбу автокарвон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 апрелдаги “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилмоқда.
Мазкур автокарвонда ҳар учала давлатдан иккитадан катта ҳажмли юк автомобиллари иштирок этишмоқда. “Termez Cargo Centr” логистика терминалидан юк ортган жами 6 та автомобиль “Термиз (Ўзбекистон Республикаси) – Душанбе, Ваҳдат, Кўлоб, Қалъаи Хумб, Хоруғ, Кульма (Тожикистон Республикаси) – Қашғар (Хитой Халқ Республикаси) йўналишида ҳаракатланиб умумий ҳисобда 1422 км масофани босиб ўтади.
Ушбу лойиҳа автомобиль транспортида халқаро ташишларни амалга ошириш йўналишида давлатлар ҳамкорлигини янада ривожлантириб, савдо- иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ўзининг ижобий ҳиссасини қўшади.






