Аввалроқ Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ҳоким ўринбосари тадбиркор томонидан ёқиб юборилгани ҳақида хабар берилганди. Дастлаб Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда тегишли процессуал тартибда ушланганини маълум қилди.
Аммо ушбу ҳолат катта муҳокамаларга сабаб бўлди. “Дарё” интернет-нашрининг ёзишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев яккабоғлик тадбиркор Баҳриддин Исомов ва туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев ўртасидаги можарони ечиш учун бугун, 27 июль куни Яккабоғ туманида борган. Ҳоким тадбиркорнинг турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ҳамда фарзанди Шарофиддин Даминов билан алоҳида тартибда мулоқот ўтказган. Натижага кўра, тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган бўлган. Етказилган моддий зарар эса суд орқали ундирилади.
Хабар қилинишича, Яккабоғда бир эмас, бир неча дўконлар бузилган, аммо бузилган дўконлар учун компенсация пули тўланмаган. Вилоят ҳокими дўкони бузилган тадбиркорлар билан ҳам мулоқотда бўлиб, компенсация пули ҳисобланиб, тўлаб берилишини назоратга олишини билдирган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маълум қилишича, ёқиб юборилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
“Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев эса ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади Президент Администрацияси хабарида.
Фото манбаси: "Дарё"






