АсосийJamiyat

​“Ҳайвонларни уриштириш, қийнаш ва бу ишга пул тикиб, қимор ўйнашдан шариатимиз қаттиқ қайтарган” — ЎМИ вакили

'​“Ҳайвонларни уриштириш, қийнаш ва бу ишга пул тикиб, қимор ўйнашдан шариатимиз қаттиқ қайтарган” — ЎМИ вакили'ning rasmi

"Меҳр ва Оқибат" ННТ Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан инсонларда ер юзидаги барча жонзотларга меҳр-мурувват ва раҳм-шафқатни тарбиялашга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйди. Ҳамкорликка кўра, Ўзбекистондаги масжидларда имомлар томонидан ҳайвонларга нисбатан раҳм-шафқат, инсоний муносабатда бўлиш ҳақида хутбалар ўқилмоқда. Диний соҳа масъуллари билан суҳбатлар уюштирмоқда. Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов билан ўтказилган суҳбатни ҳавола этамиз.

Ҳайвонлар иштирокидаги жанглар ҳақида Исломда нима дейилган?

— Динимизда турли ҳайвонларни уриштириш, бу ўйинларга пул тикиб қимор ташкил қилиш ва ҳатто томоша қилиш – тақиқланган, ҳаром ишдир. Бу ҳақда Ибн Аббос (р.а.) шундай дейдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳайвонларни уриштиришдан қайтардилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг шарҳида муҳаққиқ олим Мулло Алийюл Қори шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳайвонлар бир-бирини шохлаши, тишлаши, босиб-янчиши ёки ўлдириши учун уларни гиж-гижлаш (уриштириш)дан қайтардилар. “Ниҳоя” китобида ҳадисдаги “тахриш” – ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлаш, дейилади. Туя, қўчқор, хўроз, фил ва буқаларни бир-бирига гиж-гижлаб уриштирадилар. Буқа ва шерни ҳам гиж-гижлашади. Ҳайвонларни бир-бири билан уриштириш мумкин эмас экан, одамларни бир-бири билан уриштириш ундан ҳам ёмонроқдир. Одам уриштириш айрим шаҳарларда кўп учрайди. Бу ҳадисни Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган” (“Мирқотул мафатиҳ” китоби).

Динимизда ҳайвонларга ҳам сабабсиз озор, азият ва азоб бериш мумкин эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в.) юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: “Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Яна ҳайвонларни “мусла” қилиш (тирик ҳайвонларни аъзоларини кесиб яралаш)дан ҳам қайтарилганмиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда оғир жиноят ҳисобланади. Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган одамнинг охиратда азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти).

— Ҳайвонларга қандай муносабатда бўлмоқлик лозим?

— Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида – уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир! Чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган аёлнинг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг полапонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) полапонларни ўз жойига қайтариб қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси – ҳатто гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!” – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларда агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.

Ҳайвонларга мана шундай меҳр-шафқат билан муомала қилишга буюрган шариатимиз, уларни уриштириб қийнаш ва азоблаш, томошабин бўлиш ва бу ишга пул тикиб, қимор ўйнашдан қаттиқ қайтарган.

Маълумотнома

8 йил мобайнида "Меҳр ва Оқибат" ННТ аъзолари жамиятнинг асосий дастурларини амалга ошириб келмоқдалар, яъни мактабларда ва пойтахтнинг бошқа таълим муассасаларида, Тошкент вилояти ва бошқа вилоятларда, маҳаллаларда "ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича" суҳбатлар ўтказиб уй жониворлари ва қаровсиз ҳайвонларга инсоний муносабат билдириш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган шахслар юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш лозимлиги бўйича турли тадбирлар ўтказиб келмоқдалар.

    Бошқа янгиликлар