АсосийJamiyat

"Тарбия формуласи"ни ишлаб чиққан она нима дейди?

'"Тарбия формуласи"ни ишлаб чиққан она нима дейди?'ning rasmi

Бугун Самарқанднинг Пахтачи туманида Маҳлиё Ўроқовани танимаган, унга ҳавас қилмаган одамнинг ўзи йўқ. “Ёш китобхон – 2018” танлови ғолибининг маҳалласига ҳар куни онахонлар-у отахонлар китоб кўтарган фарзандларини, набираларини етаклаб бориши табиий ҳолга айланган. Чунки Республикада эътироф этилган китобхон қизалоқ ўз уйида “Ёш китобхонлар” тўгарагини очди. Бу тўгаракда ҳозирда 10 га яқин ёшлар турли китоблар устида баҳс олиб боради, мунозарага киришади. Бундан маҳалла-кўй ҳам хурсанд, болалар ҳам. Тўгарак машғулотларини кузатиб ўтирган Маҳлиёнинг онасиАнора Кулбаева эса беихтиёр уларга қўшилиб кетади. Анора опанинг айтишича, китобнинг сеҳри болаларга ҳам юқар экан.

Улар бизгакитобхон болани тарбиялаш сирлари ҳақидаги формуласини айтиб берди:

Танловдан кейин...

- Қизим Маҳлиё «Ёш китобхон» танловида ғолиб бўлгандан кейин маҳалламизда китоб ўқийдиганлар кўпайди. Қўшни қизлар бир-бирини чақириб кутубхонага борадиган бўлди. Маҳлиё уйимизда “Ёш китобхонлар” тўгарагини очгандан сўнг ҳатто ярим кечагача“Сариқ девни миниб”, “Том Сойернинг саргузаштлари” устида тортишувлар қилишни бошлашди. Шу танловдан кейин уйимизга, маҳалламизга файз кирдими, деб ўйлаб қоламан. Чунки бу маҳаллада ҳамма китоб ҳақида гаплашадиган, китоб алмашиниб ўқийдиган китобхон бувижон-у, китобхон набирага айланди.

Даладан бир қўра қўйни ҳайдаб қайтаётган боланинг киприклари каби китобларига ҳам чанг қўнганини кўрсам, ғалатиии бўлиб кетаман.“Болажоним, ўқийвер, тинмасдан ўқийвер, ҳали ҳамма ҳавас қиладиган “кааатта” одам бўласан”, дегим келади!!!

Чунки ўзим ҳам ёшлигимда кўп китоблар ўқиганман. Ўқитувчи бўлишни хоҳлаганимдан бир синф болалар тушларимгача кириб чиқарди. Лекин шароитимиз зиёли бўлишимизга йўл қўймади. Бугун бир синф бўлмаса-да, бир этак фарзандларим бор.Уларга устозман!!!

Журъат+дадиллик+жазм = ғалаба

Ҳаёт дарсида уққанларимни, гоҳи аччиқ, гоҳи ширин сабоқларимни эринмай ўргатаман. Фарзандларимга отасининг ва ўзимнинг энг яхши фазилатларимизни юқтиришга уринаман. Тортинчоқлик ва уятчангликни умуман ёқтирмайман. Бу хислатлар болаликдаги орзуларимни қурбон қилган. Шунинг учун болаларимга журъат, дадиллик, жазм этиш ғалабага олиб борувчи йўлнинг ярмини босиб ўтиш деб уқтираман. Фарзандларимда бу фазилатларни худога шукрки, кўряпман.

Формуламиз нотўғри чиқмади!

Биласизми, фарзандни тинглай олиш керак. Бу гапимда ҳикмат кўп. Чунки унинг ўзи сизга кўп нарсадан: бугунидан, эртасидан, қалбидан, руҳиятидан сўзлаб беради.Ўзини презентация қилади. У ўз қизиқишлари билан эгалламоқчи бўлган касбига ишора беради. Ранг-баранг саволларидан шўх, шаддод характерли ёки оғир-босиқ, вазминликка мойиллигини кўрсатади. Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ота-она “тарбия формуласи”ни ишлаб чиқиши керак.

Бизнинг формуламиз, ҳайриятки, нотўғри чиқмади. Ўқув йили якунланмасдан олдин дарсликларини, адабиёт китобларини ўқиб тугатган Маҳлиёга баъзида китоб олиб бериш учун пул тополмай қолардик.

Пахта даласида...

Бир йили мавсум давомида пахта теримига чиқдим.Маҳлиё менга ёрдамчи эди. Чанқаб қолсам, ариқдаги муздек сувга қўйилган совуқ чойни олиб келиб, қўлимга тутарди-да, дарахт соясида қолган китобини ўқишни давом эттирарди. Ўшанда менинг чанқоғим босилардию, лекин қизимнинг чанқоғи босилмасди. Чунки бу чанқоқликни қондириб бўлмас эди. У илмга ташна эди.

Мен аламимни пахтадан олардим. У эса мутолаадан бошини кўтармасди. Мен 3-4 эгатни озод қилиб бўлдимки, у китобга асир эди. Мен далада тентирардим. У асар қаҳрамонлари билан дунёнинг энг чиройли жойларида малика бўлиб сайр қиларди. Ва ниҳоят, “Пинокионинг бошидан кечирганлари” ҳам тугади. Менинг маликам эса бисотидаги барча китобларни ўқиб бўлган эди. Қишки кийим олиш учун тўплаган терим пулларимни олдим-да, ҳаммасига қизимга 20 дан ортиқ китобларни олиб келиб бердим. Шунда анча енгил тортдим. Доим шундай бўлади. Уларга китоблар олиб берган куним ўзимни бахтиёр ҳис қиламан.

.... болаларга раҳмим келади

Кўча-кўйда юрганда эшитиб қоламан, фалон кино у бўлди, писмон кино бу бўлди, деган “мулоҳазали” гапларни. Тўғриси, онасисериалларга муккасидан кетиб, телевизорга банди бўлиб ўтирган болаларга раҳмим келади. Фильмлардагиқаҳрамонларнинг ғийбатини қилгунча, ўз нури дийдангни тақдирини ўйласангчи? Бирга расм чиз. Балки у машҳур рассом бўлар. Қофияли сўзларини рағбат билан мақтаб тур. Балки шоир бўлар. 2 га 3 ни қўшишни ўргат, балки ундан кучли математик чиқар. Ахир унинг қонида бор. Лекин маиший муаммолар гирдоби акс эттирилган сериалларни кўришга мажбурлама. Буюкни майдалаштирма. Катта-катта орзуларини синдирма. Унинг учишиучун осмонларни яратиб бер. Парвозига қанот бўладиган китобларни олиб бер, дегим келади.

Гўзал Охунова ёзиб олди

    Бошқа янгиликлар