АсосийJamiyat

​Нега дорихоналарда битта дори турли нархда сотилади?

'​Нега дорихоналарда битта дори турли нархда сотилади?'ning rasmi

Нега айрим дорилар қиммат ва битта дори ҳар хил жойда турли нархда сотилади? Ушбу саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳа мутахассислари бунга изоҳ берди...

Муҳаббат Иброҳимова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи:

— Дори воситалари турли технологиялар, турли хомашё, турли формула асосида ишлаб чиқарилади ва улар ҳар хил таркибга эга бўлади. Лекин муайян бир дори таркиби, молекуласи бир хил бўлса-да, нархи бир хил бўлиши мумкин эмас. Бу имконсиз. Чунки Ўзбекистонга кирадиган барча дори воситалари учун устама нарх бир хил — 15 фоиз қилиб белгиланган. Яъни дорининг таннархи устига шунча фоиз ставкасида нарх қўйиш мумкин. Масалан, диклофенак дори воситаси бизда 35 та фирмада қайд этилган. Мамлакатимизда бу дорининг Германия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганлари бор. Уларнинг ҳаммасининг таннархи ҳар хил. Шу туфайли ва уларнинг мамлакатимиз ҳудудига кираётганда устига 15 фоизгача нарх қўйилиши таъсирида ҳам нархлар турлича бўлиши мумкин.

Иккинчи сабаб — дори воситалари бизда бизнесга кирди. Шундан келиб чиқиб, дориларнинг миқдорига қараб маркетинг асосида нарх белгиланади. Улгуржи фирма катта миқдорда дори олиб келса, арзонга тушади.

Учинчи сабаб — дориларни транспорт воситари орқали ташиб келтириш харажатлари. Маълумки, улар ҳар хил йўллар орқали олиб келинади.

Тўртинчи сабаб — бизда дорихоналарда 20 фоизгача устама нарх қўйиш белгиланган. Кимдир катта тармоқли дорихонани юритаётгани учун фақат 10 фоиз қўйиши мумкин, кимдир 20 фоиз қўйиши мумкин.

Яна бошқа сабаби — ушбу меъёрий ставкага қарамай, баъзи дорихоналар 20 фоиздан ҳам ошиқ нарх қўяди. Минг афсуски, ҳозирда бундай ҳолатлар бизда кузатилмоқда. Мана шу омиллар таъсирида Ўзбекистонда дорилар нархи фарқланиши мумкин.

Дори харид қилмоқчи бўлган фуқаро энг аввало, дорихона сотувчисидан сотиб олмоқчи бўлган маҳсулотининг мувофиқлик сертификати ва сифати назоратини текширгандан кейин, агар нархнинг қимматлигини сезса, товар нархлари акс этган “накладной”ни талаб қилишга хақли. Бу билан улар маҳсулотнинг асл нархини билиш имконига эга бўлади. Лекин афсуски, истеъмолчиларимиз бундай нарсалар сўрашга андиша қилишади.

Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади

    Бошқа янгиликлар