23 июль куни Мудофаа вазирлиги томонидан бир гуруҳ журналист ва блогерлар учун Жиззах вилоятида жойлашган “Фориш” тоғ-дала полигони бўйлаб медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон армияси тарихида ОАВ вакиллари учун ҳали бирор марта бу қадар кенг кўламли тадбир ташкил этилмаган бўлса керак, саёҳат республиканинг нуфузли интернет нашрлари, телевидение вакиллари ҳамда блогерлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналишига илк бор мезбонлик қилаётган Ўзбекистон меҳмонларни кутиб олишга барча шароитларни яратган. Жиззах бағрида ҳарбий шаҳарча эмас, “Ҳарбий мамлакат” бунёд этилгандек гўё. Армия бўлгани билан миллийлигимизни тарғиб этувчи деталларни ҳар бир қадамда учратасиз. Ҳар бир вилоятнинг ҳунармандчилик ва косибчилик анъаналарини намоёт этиб турувчи уйчалар эса… Шунчаки таҳсинга сазовор.
Уч соат давомида босиб ўтилган узоқ йўлдан кейин “Фориш” полигонига кириб бордик. Ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинган ОАВ вакиллари учун дастлаб матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов ҳамда Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи полковник Носиржон Фозилов иштирок этиб, Халқаро армия ўйинлари ҳақида маълумот берди.
“АрМИ—2019” халқаро армия ўйинлари 2019 йилнинг 3 августидан 17 августга қадар 10 та давлат ҳудудида (Россия, Озарбайжон, Беларусь,Қозоғистон, Эрон, Арманистон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Ўзбекистон) ўтказилади. Ундан дунёнинг 85 та давлатидан жамоалар иштирок этиши кўзда тутилган.
Жорий йилда Ўзбекистон қуйидаги 14 йўналиш бўйича мусобақада иштирок этади: “Қўшин разведкаси аълочиси”, “Хавфсиз маршрут”, “Елбурс ҳалқаси”, “Йўл патрули”, “Содиқ дўст”, “Мерганлар марраси”, “Қуролсоз уста”, “Мусаффо осмон”, “Танк биатлони”, “Артиллерия олови устаси”, “Дала ошхонаси”, “Ҳарбий раллй”, “Рембат” ва “Ҳарбий-тиббий эстафета”.
“Ҳарбий-тиббий эстафета” — ҳарбий шифокорлар ва тиббий бўлинмалар орасида ўқ отиш, махсус тиббий кўникмаларни (биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш ва бошқа) бажариш бўйича мусобақа. Мусобақа икки босқичда ўтказилади:
1.Индивидуал маҳорат
2.Жамоавий биринчилик ва “Энг яхши механик-ҳайдовчи”.
2019 йилги Халқаро армия ўйинларининг мазкур йўналишида 12 та давлат вакиллари биринчилик учун ўзаро курашади — Арманистон, Ангола,Озарбайжон, Беларусь, Россия, Вьетнам, Қозоғистон, Зимбабве, Мянма,Тожикистон ва Ўзбекистон.Венесуела кузатувчи мақомида иштирок этади.






