Тошкент ҳарбий округи ташаббуси билан Республика ҳарбий прокуратураси, Бўстонлиқ тумани Халқ таълими бўлими, Меҳнат ва бандликка кўмаклашиш маркази, молия муассасалари, соғлиқни сақлаш ва қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида сайёр қабул ташкил қилинди.
Округ қўшинлари қўмондони полковник Зокиржон Сайфудинов раҳбарлигида бўлиб ўтган сайёр қабулда 400 га яқин ҳарбий оилалар ўз муаммо ва мурожаатлари билан қатнашди.
Мурожаатларнинг аксарияти халқ таълими, банк ва молия муассасалари, мактабгача таълим, саломатлик маркази, бандликка кўмаклашиш, рўйхатга қўйиш каби қатор масалалар ечимига қаратилди.
Ҳарбий оилалар томонидан кўтарилаётган аксар масалалар шу жойнинг ўзида тегишли ташкилот вакиллари томонидан кўриб чиқилди. Масалан, Халқ таълими йўналишида кўрсатилган 9 та мурожаатнинг 5 таси, истеъмол ва имтиёзли автокредитлар бўйича 3 та мурожаатдан ҳаммаси, туман тиббиёт бирлашмаси ва саломатлик марказига йўлланган 5 та мурожаатнинг барчаси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Бандликка кўмаклашиш бўйича келган 6 нафар мурожаат эгасига иш билан танишиш учун йўлланма берилди.
Шу билан бирга, ҳарбий қисмга яқин жойда текстиль фабрикаси фаолият юритаётгани сабаб, унда меҳнат қилаётган ҳарбий оилалар учун ўша йўналишда қатнайдиган маршрут ажратиш масаласи кўриб чиқилди. Котеж ҳовлилар қошида хусусий болалар боғчаси ташкил қилиш масаласи ҳам кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Чунки бунда ҳарбий оилалар қўшимча иш билан таъминланади.
Кенг кўламда ўтказилган сайёр қабул ечимини топмай келаётган кўплаб масалаларга ойдинлик киритиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.





