АсосийJamiyat

Бу йилги Ҳаж мавсуми учун тўлов 5 миллион сўмга арзонлаштирилди

'Бу йилги Ҳаж мавсуми учун тўлов 5 миллион сўмга арзонлаштирилди'ning rasmi

Бу йилги Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди, яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилди. Бу ҳақда кеча, 23 июль куни “Ҳаж-2019 мавсуми”га бағишланган брифингда маълум қилинди.

Нуриймон Абулҳасан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари:

— Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилди, бу хизмат кўрсатиш нархларининг ошишига сабаб бўлиши мумкин эди. Лекин ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилди. Бу йилги Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланганди, яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилди.

Қўмита матбуот хизмати хабар қилишича, юртдошларимиз шу йилнинг 24 июль – 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатилади ва шу йўналишларда мамлакатимизга қайтиб келади. Зиёратчиларимиз шу йилдан эътиборан Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхоналарида истиқомат қилади.

Маълумот учун, 2016 йилда 5 минг нафар зиёратчи Ҳаж сафарига борган бўлса, 2017 йилдан буён уларнинг сони 2 минг нафарга кўпайган, умумий кўрсаткич 7 мингга етган, бу йил ҳам худди шунча мўмин-мусулмон юртдошларимиз Ҳаж ибодатини адо этади.

Ҳаж ва Умра тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнь кунидаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.

    Бошқа янгиликлар