Кеча 30 май куни, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳарбий хизматчилари Чирчиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланвучилари ҳолидан хабар олиб, уларни ўзгача усулда байрам билан муборакбод этишди.
Қалби завқу шавққа тўлган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари меҳмонларни хурсандчилик кайфияти билан кутиб олишди.
Ҳарбий хизматчилар Меҳрибонлик уйига ҳарбий техникаларда кириб борганда болажонларнинг юзида ҳайрат ва қувонч ҳисси пайдо бўлди. Кўнгли ярим болажонлар ҳарбий техника ва жанговар қуроллар билан танишиб, ўз қўллари билан уларни ушлаб кўрдилар.
Болалар томонидан тайёрланган концерт дастури меҳмонлар кўнглида унутилмас из қолдирган бўлса, ҳарбийлар томонидан 108 нафар турли ёшдаги ўғил-қизларга тарқатилган китоблар ва турфа совғалар ҳақиқий байрам совғасига айланди.
Ташриф сўнгида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг аксарият қисми келажакда, албатта, ҳарбий бўлиб Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан деган фикрни билдирдилар.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






