Жорий йилнинг 15—18 май кунлари Ўзбекистон мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасида бўлиб ўтган “Milex—2019” қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг IX халқаро кўргазмасида ҳамда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича VIII халқаро конференцияда иштирок этди.
Шунингдек, делегация таркибида Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси вакиллари ҳам қатнашди.
Кўргазмада турли давлатларнинг корхоналарида (компанияларида) ишлаб чиқилган ҳарбий маҳсулотлар намойиш этилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон вакиллари бир қатор давлатларнинг корхоналари (компаниялари) вакиллари билан музокара ўтказди. Хусусан, Ўзбекистон делегацияси Беларусь Республикасининг Давлат ҳарбий-саноат қўмитаси раиси Р.Головченко ва Беларусь мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари генерал-майор С.Симоненко билан учрашди. Музокаралар давомида Ўзбекистон армиясининг муҳандис-техник қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчиларни Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ўқитиш, икки давлатнинг Мудофаа вазирликлари тизимларида стратегик даражадаги техник таъминотни ташкиллаштириш, шунингдек, бўлинмаларда қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг қўшин таъмири бўйича келишувларга эришилди.
Кейинги учрашув “Рособоронэкспорт” вакиллари билан бўлиб ўтди. Музокаралар давомида мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий-техник соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги келишувлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон 558-сон Авиация таъмирлаш заводи ҳамда “140-сон таъмирлаш заводи” ҳамда Беларусь Республикаси бошқарув тизимининг “Агат” ОАЖ корхоналари билан ўзаро истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






