2-6 май кунлари Боку шаҳрида Озарбайжоннинг биринчи президенти Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб яккакурашнинг “К-1” ва ММА йўналишлари бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди.
Унда Туркия, Покистон, Эрон, Озарбайжон, Грузия, Ироқ ва Ўзбекистондан борган 200 дан ортиқ спортчилар иштирок этиб, ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг 5 нафар харбий ҳизматчиси Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, мамлкатимиз терма жамоаси мазкур нуфузли мусобақада жами 9 та: 3 та олтин ҳамда иккитадан кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланди.
“К-1” йўналишида Академиянинг 3-босқич курсанти Илҳомжон Худойбердиев 80 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган бўлса, курсант Сирожиддин Оққулов 85 кг вазн тоифасида 2-ўринни эгаллади.
ММА йўналишида эса Қуролли Кучлар академияси спорт йўриқчиси, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Атаулла Охунбабаев 90 кг вазн тоифасида ғалаба қозониб, олтин медалга эга чиқди. Академиянинг яна бир спорт йўриқчиси, кичик сержант Нодир Жайнаров 65 кг вазн тоифасида кумуш медал соҳибига айланди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






