Ўзбек-қирғиз ҳалқи ўртасида азалдан яхши қўшничилик, бирдамлик, меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланган. Буни халқаро таҳлилчилар ҳам эътироф этишмоқда. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамфикрлик, муштарак муносабатлар барча соҳалар, жумладан, туризм йўналишидаги алоқаларнинг изчил ривожланишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда сайёҳлар эътиборини нафақат қадимий Ипак йўли жойлашган шаҳарлар, балки табиий иқлими, бой тарихий мероси, ўзига хос удумлари, турфа анъаналари билан ажралиб турувчи гўзал ва сўлим Фарғона водийси шаҳарлари ҳам тортмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазирлиги, Ўш вилоятининг бир неча туманлари ҳокимликлари, туроператорлик фирмалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Андижон вилоятига инфо тур ташкил этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бугунги кунда ҳудудда 370 дан зиёд маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, “Жомъе” ва “Аҳмадбек ҳожи меҳмонхонаси” мажмуалари, “Қутайиба ибн Муслим”, “Ширмонбулоқ”, “Имом ота” зиёратгоҳлари. “Мингтепа” ёдгорлиги, “Хонтоқ” ва “Фозилмон ота” дам олиш масканларининг донғи дунёга кетган. Бу ерга жуда кўплаб хорижий давлатлардан мутахассислар ташриф буюриб, изланишлар олиб боришмоқда. Инфотур давомида делегация вакиллари шундай муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш баробарида, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Ўзбекистоннинг ҳар бир маскани ўзига торта олади. Андижоннинг нақшинкор миноралари, бир неча минг йиллик тарихга эга музейи, археологик манзиллари бизда катта қизиқиш уйғотди, дейди "Ош" телеканали мухбири. - Биз "Ош" ва "Ынтымак" телеканалларивакиллари, албатта, бу мўъжизакор вилоятнинг ўзига хослигини ўз ижодий ишларимизда намоён этамиз.
Қайд этиш керакки, ҳозирги кунда Андижонда сайёҳлик объектларини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, туризм ва сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар кўлами кун сайин ортмоқда.
Инфотур якунида қирғизистонлик вакиллари ташкил этилган учрашув учун миннатдорлик билдирди.






