Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 24 мартда қабул қилинган №24/1-338-сон билан тасдиқланган "Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш, жумладан тоғли ҳудудларда экологик туризмни ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури"да 2019 йил 9 майдан бошлаб ҳар йили бир марта Абдулла Орипов хотирасига бағишланган “Golden word” халқаро адабиёт фестивалини ўтказиш вазифаси белгиланган эди. Дастур ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Қаҳрамони, миллий мадҳиямиз муаллифи Абдулла Орипов хотирасини абадийлаштириш, шу жумладан, Шаҳрисабз шаҳрини "Фестиваллар шаҳри" га айлантириш мақсадида жорий йил 8-9 май кунлари Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида I халқаро “Golden word” халқаро адабиёт фестивали ўтказилади.
Фестивалда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюраётган халқаро шоирлар, ёзувчилар ҳамда журналистлар иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Туркиядаги “КИБАТEК” халқаро адабий ташкилоти президенти Сенгели Билги, ташкилот вице-президенти Лейла Ишик, Филиппиндаги “Pentasi B” халқаро адабий ташкилоти президенти Эпитасио Тонгоҳан, Ҳиндистон қитъалараро маданият ассоциацияси ходими, Норвегияда яшаб, ижод қилувчи ёзувчи Соломия Кароли, италиялик шоир, ёзувчи ва блогерлар Катерина Давинио, Клаудио Презиоси, Тожикистондаги “Дўстлик” ва ”Элчи” газеталари бош муҳаррири Тошмат Темиров, Носир Хусрав номидаги Қўрғонтепа давлат университети профессори Зебинисо Сатторова, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳасан Ғойиб, “Жанубий Қозоғистон” газетаси мухбири Майсара Сапарова, Қозоғистондаги “Чимкент” ижодий уюшмаси раиси Эркиной Султонова ва бошқалар иштирок этишади.
Фестивал доирасида Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номли ихтисослаштирилган мактабда адабий учрашув ўтказиш, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий-маданий масканларга саёҳат уюштириш, Ғузордаги “Тоҳир-Зуҳро” мажмуасига ташрифлар, мушоиралар ташкил этиш мўлжалланган. Фестивалнинг ёпилиш маросими Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилади.






