Ўзбекчалаштирилган замонавий украин ҳангомаларидан.
– Фаррухджан, мен иложи борича ҳозир русчада кам гаплашишга уринаяпман.
– Нима бўлди Зокиржон, украинлар келиб дўппослашидан қўрқяпсанми?
– Йўқ, русларнинг келиб мени ҳимоя қила бошлашидан қўрқяпман.
Бугунги кунда маълумотларнинг энг тез тарқаладиган тизими бу, албатта, интернет тизимидир. Айнан мана шу тизимнинг “Kun.uz” сайтида кечагина бир неча кишиларнинг ўзбек давлат тилига тажовузи эълон қилинди. Булар қанчалик кўпчиликни ёки озчиликни ташкил қилмасин унчалик хавфли эмас, албатта. Аммо, уларнинг ўзларини (ўзбек миллати, Ўзбекистон халқи)нинг зиёлиси санашини, албатта, катта ачиниш билан тан олиш керак.
Маълумки, тарихдан бизга етиб келган энг доно ақидалардан бири ҳам “қалъа ичидан бузилади”, деган ибора бўлади. Бу бир гала Ўзбекистон давлатининг эркин фуқаролари, албатта, турли йўналишдаги ўз фикрларини айтиши, эълон қилиши, унинг ҳаққонийлигини исбот қилишга уринишлари ҳам табиий ҳол. Бир қараганда ашаддий бир жиноят қилинган эмасдай. Аммо, бугунги кундаги давлат қонунлари доирасида, давлат мустақиллиги декларацияси доирасида, қолаверса Ўзбекистон Конституцияси олдида жиноятга қўл урилгани кўриниб турибди. Бирқанча қонунларимизнинг талаблари бузилгани аниқ кўриниб турибди. Бу фикрни анчагина авом бўлган ҳар бир адвокат ҳам нон чайнаб турган ҳолда исбот қилиб ташлаши турган гап.
Биз ҳатто ўзларини шу давлатнинг зиёлиларимиз, дейдиган ўз фуқароларимизнинг, аслида ачиниб айтадиган ҳолат ватандошларимизнинг, эл олдига мана бундай олчоқ фикрлар билан чиқишигача қандай етиб келдик. Албатта, бунинг сабаблари кўп. Энг катта сабаблардан бири, мана ўттиз йилдирки, давлат миқёсида ўз ДАВЛАТ ТИЛИМИЗГА беэътиборлик билан қарашимиз бўлди. Яна бир сабаб, айни ўтиш даврида биз алифбомизни ўзгартиришга киришганимиз ва бу жараённи баъзи юқорида мана шу мақолани ёзишга сабаб бўлганлар каби Ватан ва миллатимиз тилини ҳурмат қилмаган, унинг обрўсини тўккан ушу сотқинлар қаторидан жой олса бўладиган раҳбарлар ҳаракатсизликлари натижасида ЎТА чўзиб юборганимиз, кечагина давлат тили бўлган рус тилининг ўз мавқеини курашсиз жон бермаслигини инобатга олмаганимиз, катта авлоднинг кирил алифбода савод чиқарганини ва айнан катта авлоднинг миллий менталитетимиздан келиб чиқиб ёшларга таъсир кучининг катталигини кўздан қочирганимиз, бу ўринда катталарга кўрсатган ҳурматимиз тилимизга ҳурматсизлик бўлганини ажрата олмаганимиз, давлат тармоғида ҳамма норматив ҳужжатларнинг рус тилида мерос қолгани ва шунга ўхшаш кўплаб омилларнинг кучига тўғри баҳо беролмаганимиз бўлди.
Яна катта бир хатомиз шу бўлдики, энг юқори лавозимдаги кишиларга қуйидаги одамларимизнинг лаганбардорона муомаласи ва муносабати қон қонимизга сингиб кетганлиги бўлди. Ўз вақтида тилимиз оғир аҳволга тушиб қоляпти, мустақилликнинг асосий кўринишларидан бири бу миллатнинг, давлатнинг давлат тили нафақат қонунда аслида амалда кўтарилмаса бу тил ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди, деб ўша каттанинг юзига айтолмаганлик бўлди. Мана шу: “катталарнинг” бирон ҳаракатимиз билан ғашига тегиб қўймайлик, деган тушунча бизни тобе ва “катталарни” ҳукмрон поғонасига олиб чиқаверди, буларнинг оқибати, ўз ичимиздан чиққан, қалъани ичидан бузувчиларнинг ҳаракати бугун бизни ҳайрон қолдирмаслиги керакка ўхшайди. Ахир, бизнинг давлат тилини ҳаётга жорий қилишдаги ҳаракатимиз, амалий сиёсатимиз ён атрофдаги қўшни давлатларга қараганда ҳам толенрантроқ муносабатда бўлган эдику. На бозорда, на ташкилотларда бу чет тилли ватандошларимизнинг тил ва чет тилини ишлатишларида“пишагини пишт”демаган эдик. Мана оқибат, улар туз еган жойнинг тузлуғига тупуриш даражасига етиб келди. Уларнинг ўз тили билан айтганда, “бармоғимизни чўзиб турган пайтимизда улар энди бизнинг қўлимизни суғуриб олишмоқчи”.
Бундайлар ҳақида ўз вақтида Ҳиндистоннинг тарихий бир тизимдан бошқа тизимга ўтиш, мустамлакачиликдан қутулиш тажрибасини бошидан кечирган М. Ганди: миллатнинг энг ашаддий душманларидан бири бу колонизаторлар етиштириб чиқарган маҳаллий аҳолидан чиққан зиёлилар, деган эди.
Қаранг, нақадар аллома ҳақлиги аниқ кўриняпти.
Айтиш лозимки, мутахассисларнинг таъкидлашича миллат тушунчасини аниқлашда биринчи ўринда унинг тили инобатга олинади ва айнан мана шу белги асосий омилга айланади. Ҳозирги кунда дунё давлатлари орасида ҳам бу белги ўз кучини йўқотган эмас. Тўғри, давлат тили сифатида, баъзи ҳолларда иккинчи давлат тили сифатида ўз этник тилини эмас бошқа тилни ишлатаётган давлатлар дунёда йўқ эмас. Бундай ҳолатларда ўша давлат ва унинг тарихий ўтмиши жиддий назардан ўтказилса бу ҳолатга чидаш мумкинлигини кўрасиз. Аммо бизнинг чуқур тарихий томиримизни, давлатчилик маданиятимизни назардан қочирмасдан қарасак бизга на бошқа тилни ишлатиш ва на давлат тили сифатида иккинчи тилга ҳеч ҳам эҳтиёжнинг йўқлигини кўрамиз.
Бу ўринда айтишлари мумкин, ҳа ўша Ҳиндистонда ҳам иккинчи давлат тили сифатида инглиз тили ишлатиладику, деб. Ушбу эътирозларга барҳам бериш учун ҳиндларнинг ўз қадимий ёзувининг асрлар давомида сақланиб келаётганлиги ва бу уларнинг ҳар бир сўзни, айниқса ташқаридан кириб келаётган сўзларни ўз тили ва ўз талаффуз қонун қоидаларига сингдириб юборишларини таъкидлаган бўлардим.
Бизда эса айнан мана шу икки омил жиддий оқсоқланади. Биринчидан алифбомизни тарихда жуда тез тез ўзгартириб турганимиз ва (балким шу сабабдир) ташқаридан бирор сўзни олмоқчи бўлсак бу сўзни ўша миллат вакилларидан ҳам “тозароқ” қилиб талаффуз қилишга уринишимиздир. Оддий мисол, боболаримиз Москов дейишган, биз эса тилимизни бурро қилиб “Москва”, деймиз. Ҳатто ўша руслар ҳам бу сўз аслида уларники бўлмаса ҳам биздай чиройли айтолмайди.
Шундай экан, бугунги кунда бир сиқим собиқ тизимдан қолган, ўрисларнинг тили билан айтганда “совоклар”нинг бу чиқишларини унчалик катта фожеа сифатида кўтар кўтар қилмасак ҳам бўлар эди. Аммо, ҳар бир ёмон ишнинг бир яхши томони ҳам бўлиши мумкин, деганларидай, ушбу ҳолатдан унумли фойдаланишимиз, келгусида бундай чиқишлар такрорланмаслик йўлларини кўришимиз зарур эканлиги аниқ бўлиб қоляпти.
Бугунги кундаги ўзбек ДАВЛАТ ТИЛИНИНГ давлатимизда, халқимиз, ёшларимиз орасида, мактаб ва оммавий ахборот воситалари доирасида ва умуман бугуннинг назарида қай даражада эканлигини бир назардан ўтказайлик.
Гапни кўчадан ва пойтахтдан бошлайлик.Кўчада ўн кишидан беш киши ўзбек ва рус тилларини аралаштириб ишлатади. Мана бир манзара: кўчаларимизга ўзбекча ном беришга бердик нега энди қаҳвахона, дорихона, ресторан, ошхона ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига қўйилган номлар: “Kebbi” “Крепость”, “Перекрёстокь”, “Мillenium”, “Globus”, “Золотыстие выпечки”... “Radisson”, “Вressiria”, “Royal”, “Choco world” “Super bistro”, “Mig bistro”, “Kapriz”, “Lagoste”, “Будильник”, “Urban Toys”... Бу номларнинг ҳаммаси нақ Тошкент шаҳрининг ўртасидалигини, номлар қонун талабига кўра давлат тилида ёзилиши ва керак ҳолларда бошқа тилда берилиши мумкинлигини унутманг.
Шу жойда ачиниб айтгинг келади, сиз қайси шаҳарларда ўзбекча номланган кафе ва бошқа ташкилот ва корхоналарнинг номларини учратдингиз? Бу ҳолатни ёзар эканман, ёшларимиз орасидаги исмларни эслаб кетдим. Бизнинг ёшлар орасида Мадина деган исмни кўп учратиш мумкин. Аммо бирон марта Самарқанд Фарғона, деган исмни учратганмисиз? Йўқ албатта. Биласизми, бизнинг Самарқанд ва Фарғоналар бўлганда Мадина ҳали каттароқ бир қишлоқ ҳам бўлмаганку, дегинг келади.
Кўчаларимиздаги ўн реклама намуналаридан тўққизтасида маълумотлар рус ва бошқа тилларда бериляпти. (кичкинагина савол, бу рекламалар кимга қаратилганлигини реклама берувчилар унутяпти, шекилли). Ўзбек тилида берилаётган ўн реклама намунасидан тўққизтасида имловий хатолар (ўз тилига ҳурматсизлик ҳам шунча бўладими ахир?) бериляпти ва бунга биз эътибор бермай ҳам қўйганмиз.
Тил тўғрисидаги қонуннинг бузилишини ҳокимиятлар (айниқса Тошкент ҳокимияти) бошлаб беради. Ташкилотларга берилаётган номлардан бошланиб фирма ва кафечаларнинг номлари ва уларнинг рекламалари “ғужала тилда берилади”, десак камлик қилади, улар ғаламислик шаклларда берилади ва берилиб келинмоқда.
Реклама тўғрисидаги қонун ҳам тил қонунига боғлиқ бўлганидан у ҳам Конституциянинг сайловлар тўғрисидаги бандига ўхшаб саноқсиз равишда ўзгартилиб борилди. Шунинг учун бу қонуннинг ҳам талаблари бажарилмайди, одамларнинг сайловларга ишонмай қўйганларидай, рекламаларга ҳам ишонмай қўйиши юзага келди. Аммо, рекламанинг психологик таъсирини унутмаслик керак.
Реклама берувчилар хоҳлаган тилларида ўз рекламасини берсин, аммо қонун талабига биноан бу рекламанинг ДАВЛАТ ТИЛИДА ҳам беришлари шартлигини унутмасинлар. Бу ўринда харажатни тежаш устунлик қилмоқда.
Айрим тадбиркорларимизнинг тилларинику ҳакка чўқисин. Улар чиқараётган маҳсулотларнинг нима ва қандай ишлатилиш қоидаларининг (одатда уларнинг 80 ва 90 % русча берилади) ўзбекчасини ўқиб ўзбеклигингга ачиниб кетасан.
Ташқаридан киритилаётган материалларнинг ҳаммасига ўзбекча ёрлиқ ва қўлланмалар бўлиши керак, аммо улар йўқ. Қўшма корхоналар материаллари ҳам шу аҳволда. Узоққа бормайлик ва мени мисоллар келтирмабсиз, деб айблашмасин. Бизда чиқарилаётган машиналарнинг ўзбекча қўлланмаларини ҳалигача бир неча янги машина олган бўлишимга қарамасдан ҳалигача кўрган эмасман. Хитой билан ишлаб чиқарилаётган электрҳисоблагичларга қўлланма талаб қилиб ҳам ололмадим ва улар “ўзбекчаси йўқ, ҳали тайёрланмаган”, деган безбетликдан нари ўтишмади.
Одатий ҳол, кўпинча биз маҳсулотларнинг қиммат-арзонлигини, сифатини суриштирмай харид қиламиз. Нари борса моддий зарар кўрамиз. Аммо пойтахтимизнинг ҳар қадамида кўзингиз тушадиган ажнабий атамалар фарзандларимизнинг руҳига чаласаводликни сингдиришини унутамиз, бу билан мактаблардаги чаласаводлиликка ҳисса қўшяпмиз, миллат маънавиятига зарар етказяпмиз. Давлат тилимизнинг мавқеини туширяпмиз, беписандлик, ҳурматсизлик пайдо қиляпмиз. Давлат тилимизнинг мавқеи тушиб кетяпти, деб чорак асрдан бери бонг урамиз. Телевидение ва радиоларда кўрсатув, эшиттиришлар берамиз. Бир телекўрсатувда мен 1 синф Алифбе китобида 16 хато борлигини айтиб уни ёзган муаллиф билан ота гўри қозихонагача борган эдим. Бу кураш ва талашларда натижанинг йўқлиги бошқа жойда эканлигини тушунишни хоҳламаймиз. Ҳа, натижаси йўқ.
Ҳолатнинг ўзгариш йўналишида бир неча муаммолар кўндаланг. Биринчиси, “Давлат тили ҳақидаги” қонунимиз мукаммал эмас. (Буни кимлардир атайлаб шундай қилишди). Демак, зудлик билан бу қонунни ҳаётий, талаб даражасига кўтариб қайтадан қабул қилишимиз ШАРТ. Иккинчидан, қонуннинг ижроси атайлаб сусткашликка солинди, чунки, бу қонунни бузганлар учун қонунда чора назарда тутилмагани бўлди. Кўряпсизми, ҳар қандай қонун масалани кўтаради, ҳал қилади ва албатта бузилса “мана бундай чора кўрилсин” деган таъкидга эга бўлади. Тилимиз тўғрисидаги қонунда айнан мана шу жазо банди атайлаб қабул қилинмади. Айни ҳолат қонунчилик назариясининг бузилиши бўлишига қарамасдан шундайича қабул қилинди.
Масалан, Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 1995 йил 21 декабрдаги янги таҳрири 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлар ДАВЛАТ ТИЛИДА расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.” Эътибор беринг асосий матн Давлат тилида ва керак ҳоллардагина бошқа тилда унинг таржимаси берилиши мумкин дейилган. 1998 йилда 25 декабрдаги Реклама тўғрисидаги Қонуннинг “Рекламанинг тили”, яъни 5-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг ДАВЛАТ ТИЛИДА ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади.” Солиштиринг, “реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади”, дейилган. Қонуннинг ўзгартирилишида кимлардир манфаатдор бўлиб улар энди бир бирини инкор қиладиган моддалардан иборат. Бу ўринда Ўзбекистон ва ўзбек халқининг манфаатини кўзлаб, хулоса чиқаришни мен Ўзбекистон Конституцион суди ва Адлия вазирлигига тавсия қилган бўлардим.
Ҳолат мана шундай экан, Ўзбекистоннинг жонкуярлари қолган бўлса рўй рост оёққа туриш пайти келди, демоқчиман. Марҳамат, азизлар, ўз сўзингизни бугун айтмасангиз юқорида тилга олинган “ташаббускорлардан” ҳам даҳшатлироқлари, заҳарлироқлари чиқиши тайин. Мана, “...Ё ҳаёт ё мамот...” пайти мана шу бўлади. Бу рўйхатдагиларнинг ҳар бири тўғрисида халқимиз кенг маълумотлар бериши мумкин. Уларнинг кўпчилиги кўплаб атоқли олимларнинг руҳларини чирқиратибди, маданият ва санъат ходимларининг руҳларини чирқиратибди. Биргина Карим Зокировни айтадиган бўлсак, бу инсон руҳи ҳам қабрида бир ағдарилиб тушган бўлса керак. Аттанг, ачинарли ҳол бўлибди!!!
Миллат ўз тилини йўқотса унинг миллат сифатида йўқолиш муддати аниқланиб қолади. Шундоқ ҳам ўзбек тили бошқа тиллар қаторида бугунги кунда йўқолиш хавфидаги тиллар қаторидан жой олиб турибди.
Бутун дунёда миллий давлатчилик масаласи, ДАВЛАТ ТИЛИ МАСАЛАСИ жиддий тус олаётган бир пайтда мана бу юз берган номардликни кечириб бўлмайди. Азизлар! Ҳар биримиз буларнинг эшигига, дарвозасига: “Бу ерда яшаётган шахс Ўзбекистон Давлат тили манфаатига путур етказяпти, ўзбек тилининг душмани”, деб ёзишга тайёр бўлайлик.
М. Йўлдошев,
Психология фанлари доктори
ЎзА






