2-4 май кунлари Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари қўмондонлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оиласидан хабар олишди.
Хусусан, Мудофаа вазирининг ўринбосари – Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурханов бошчилигидаги ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Павел Материков ва Николай Петруниннинг хонадонида бўлиб, давлатимиз раҳбари номидан мукофотни ўз қўли билан эгаларига топширди.
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов бошчилигида ҳарбийлар хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар подполковник Самандар Кенжаев ҳамда капитан Зафар Боймуродовнинг хонадонларига ташриф буюрилди.

“Ҳотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан қаҳрамонларни ёд этиш, уларнинг оила аъзоларига юксак эҳтиром, меҳр-мурувват, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш анъана тусига кириб бўлган. Хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига мудофаа вазири номидан 2 млн. сўмдан моддий ёрдам пуллари, шунингдек, эсдалик совғалари топширилди.
Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокиржон Сайфудинов бошчилигидаги гуруҳ эса пойтахтимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси — Владимир Чмыхун хонадонида бўлди. Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони полковник Ҳамдам Қаршиев ҳамда Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Шерматов ҳамроҳлигидаги ҳарбийлар эса Олмазор туманида истиқомат қилувчи 97 ёшли Аминжон Алимов билан учрашдилар. Ташрифлар давомида уруш фахрийлари билан мазмунли суҳбатлар уюштирилди.

Худди шу каби тадбир Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бўлиб ўтди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ўринбосарлари бошчилигида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар уруш фахрийси, 94 ёшли Режеп Қурбанметовни байрам билан қутладилар.
Таъкидлаш керакки, учрашувлар давомида уруш фахрийларига Ўзбекистон Президенти номидан 7,5 млн. сўмдан пул мукофотлари топширилди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати






