АсосийJamiyat

Ўзбекистон делегацияси “IV Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг оромгоҳи”да

'Ўзбекистон делегацияси “IV Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг оромгоҳи”да 'ning rasmi

Хитой Халқ Республикасининг Циндао ва Пекин шаҳарларида 1 ҳафталик “IV Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ёшлар оромгоҳи – 2019” ўтказилмоқда. Унда ШҲТга аъзо, кузатувчи ҳамда музокарачи бўлган жами 14 та мамлакатдан 200 нафарга яқин ёшлар ташкилотлари вакиллари қатнашяпти.

—2015 йил июль ойида Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида ХХР Раиси Си Цзиньпин 2016 йилдан бошлаб Хитой беш йил давомида ёшлар оромгоҳи ташкил этилиши ва ўтказилиши ҳамда ШҲТ мамлакатларидан 200 нафар вакил таклиф этилишини маълум қилган, –дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Муниса Нурматова. —2016-2017 йилларда Хитой Халқ Республикасида шу каби иккита оромгоҳ ўтказилган ва ШҲТ иштирокчи ҳамда кузатувчи давлатларидан қарийб 400 нафар ёшлар иштирок этган. Бу йилги “Ёшлар оромгоҳи”да турли мамлакатларнинг ёшлар ташкилотлари ва етакчилари билан тажриба алмашинуви йўлга қўйилиб, ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг ёш тадбиркорлари ўртасида бизнес ҳамкорликка эришиш бўйича платформа яратилмоқда.

26 апрель куни Циндао шаҳрида жойлашган “Fuxin” меҳмонхонасида
“IV ШҲТ ёшлар оромгоҳи-2019”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Умумхитой ёшлар федерациясининг Хитой халқаро алоқалар ёшлар маркази директори Ма Синмин ҳамда ШҲТнинг Ёшлар Кенгаши раиси Т.Дайирбеков мазкур оромгоҳ билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларини билдирди. Маросимдан сўнг, иштирокчилар маиший техникаларни ишлаб чиқарувчи “Haier” ҳамда электр қувват мосламалари ва экологик автомобил қувватлаш тармоқларини яратувчи “TGOOD” корпорацияларнинг тарихи, иш фаолияти, олдига қўйган истиқболдаги режалари билан таништирилди.

Бутунжаҳон боғдорчилик оромгоҳи майдонида жамоани шакллантиришга қаратилган “Арқонли ўқув” бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Унда иштирокчилар 12 та жамоага бўлинган ҳолда етакчилик, жамоада ишлаш, гуруҳни бошқариш, тўғри қарор қабул қилиш кабийўналишлар бўйича қўшимча кўникмалар ҳосил қилди.

Циндао шаҳридаги “Айсберг чўққиси” конференция марказида “ШҲТ доирасида минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорлик” бўйича семинар-тақдимоти ўтказилди. Унда Циндао ижтимоий, иқтисодий ва хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга оид тақдимот намойиш этилди. Семинар якунида Циндао “Хонгдеюуан” замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари компанияси директори Ванг Киан хоним Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд имтиёзлар, хусусан ерларнинг 49 йил хеч қандай тўловсиз ижарага берилаётганига юқори баҳо бериб, хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистон билан мазкур йўналишда янада кенг ҳамкорлик қилишларини таъкидлаб ўтди.

Тадбир иштирокчилари жаҳонда 7 ўринда турувчи, юқори технологиялар билан жиҳозланган Циндао порти, “SINO-GERMAN ECOPARK” Хитой-немис экобоғи, Денгиз фан ва техника миллий тажриба лабораторияси, Хитой Океания университетларига саёҳат қилишди.

Бундан ташқари қатнашчилар учун қадимий Жимо шаҳрида Хитой маданияти бўйича маҳорат дарслари ўтказилиб, ШҲТ ёшлар масалалари бўйича ҳамкор давлатларининг кўргазмали бизнес мулоқотлари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси Мўғулистон, Камбоджа, Эрон, Ҳиндистон, Белорусь, Озарбайжон каби давлатлар билан ёшлар сиёсати, туризм, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик соҳаларида музокаралар олиб борди. Хусусан, жаҳонда писта экспорти бўйича 1-ўринда турувчи Эрон давлати билан музокаралар чоғида мамлакатимизнинг чўл ва тоғ олди ҳудудларида писта етиштиришни ривожлантириш ва бу борада Ўзбекистон-Эрон ўртасида тажриба алмашинуви ҳамда ёшлар туризмини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга, Мўғулистон давлатидан ташриф буюрган тадбиркорлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қуритилган ва қайта ишланган турларини экспортга йўналтириш ҳамда жорий йилнинг сентябрь ойида аниқ мақсадли ишларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Ўзбекистонда жорий йилнинг сентябрь ойида Белорусь Республикаси билан картошка уруғчилигини йўлга қўйиш ва келажакда ғалладан бўшаган майдонларни картошка етиштиришга ихтисослаштириш бўйича янги лойиҳа ишга туширилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда Озарбайжон Республикаси билан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширадиган бўлди. Ҳиндистон Ёш сардорлар конфедерацияси бош директори Арш Могре билан тропик мевалар ва дуккакли ўсимликлар маҳсулотлар экспорти бўйича ҳам музокаралар олиб борилди. Ҳиндистон делегацияси жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этиладиган Ўзбекистон-Ҳиндистон ёшлар форумига таклиф этилди.

“IV ШҲТ ёшлар оромгоҳи-2019” 2 май кунига қадар давом этади.

Шаҳноза Нуруллаева

    Бошқа янгиликлар