Бугун Ўзбекистонни улкан қурилиш майдонига ўхшатиш мумкин. Юртимизнинг қайси шаҳар ва қишлоғига борманг, улкан ўзгаришларга, йирик бунёдкорлик гувоҳ бўласиз. Улар орасида хусусий уй-жойлар ва объектлар кўпчиликни ташкил этади. Иморат кўркам, чидамли, тежамкор ва фойдали бўлиши учун эса, албатта қурилиш материаллари катта ўрин тутади.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси «Экоклимат» корхонаси билан ҳамкорликда ўтказган матбуот анжуманида ҳам замонавий қурилиш соҳасида арзон уйларни барпо этишда энергия самадорлигига эришиш, янги тежамкор энергия манбаси ҳисобланган қурилиш молларини ишлаб чиқариш ҳақида сўз борди.
Таъкидланганидек, бугун қурилиш бозорида энергия самарадорлиги муҳим омилга айланиб улгурди. Бугун хусусий ва давлат объектлари қурилишида ҳам бу турдаги материаллардан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрда қабул қилинган «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида ҳам 2020 йил 1 январдан бошлаб уй-жой қурилиши объектлари лойиҳа-тадқиқот ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш босқичида энергия-самарадор ва энергия-тежамкор ускуналар билан мажбурий равишда жиҳозланиши қатъий белгилаб берилган.
– Бутун дунёда аҳоли сони ортиб, табиий ресурслар камайиб бораётган бир пайтда, қурилишларда энергия тежовчи материллардан фойдаланиш катта аҳамият касб этади, – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги Иқлим ўзгаришлари бўйича дастурий мутахассиси Раъно Бойхонова. –Сайёрамизда энергия ресурсларини ҳаддан ортиқ сарфлаш экологик муаммоларни ҳам кескинлаштирмоқда. Шу боис бугун инсоният ўз хатоларини англаб, табиат ва унинг бойликларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши керак.
Ўзбекистонда бугунгача энергия тежамкор қурилиш моллари ишлаб чиқарилмаган, бундай маҳсулотлар қиммат нархдан хориждан олиб келинарди. 2016 йилнинг йилга келиб Жиззах эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган «Экоклимат» компанияси қурилиш бозори учун тежамкор, энергия самарадор «минерал пахта» маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлади. Эндиликда ушбу корхона маҳсулотлари ички бозор талабларини қондириш баробарида, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина каби мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Ecover қурилиш қопламалари ўзидан иссиқликни кам миқдорда ўтказиши сабаб, биноларни қишда иссиқ, ёзда салқин ушлаб туради.
Тақдимот маросимида мамлакатимизда қурилиш ҳамда коммунал соҳада фаолият кўрсатувчи ташкилотлар, лойиҳалаштириш институтлари мутахассислари ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.






