Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуард Шапиро ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси раҳбари Бунёдбек Баҳромбеков билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Исроилнинг МАШАВ халқаро ҳамкорлик агентлиги мувофиқлаштирувчиси Й.Олховская, “Ёшлар-келажагимиз” жамғармасининг Яккасарой тумани лойиҳани молиялаштириш ва қурилишни ташкил қилиш бўлими бош мутахассиси Акмал Абдужабборовлар ҳам қатнашди.
Учрашувда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, Исроил ва Ўзбекистондаги тадбиркор ёшлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, улар ўртасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида Бунёдбек Баҳромбеков Исроил давлатининг элчиси Эдуард Шапирога ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун эътибор қаратганлигига миннатдорлик билдирди. Мамлакатлар ўртасида ёшлар ҳамдўстлигининг ривожланиши ва улар ўртасидаги тажриба алмашинувида халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади. Делегация аъзоларига “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Жамғарманинг Ўзбекистон ёшлари учун янги иш ўринларини яратишдаги ўрни алоҳида қайд этилди.
Эдуард Шапиро ўз навбатида Бунёдбек Баҳромбековга ўз миннатдорлигини билдирди ҳамда МАШАВ агентлигининг дунё ёшлари учун кўприк вазифасини ўтаётганини эътироф этди. Агентлик Исроил мустақиллигининг дастлабки йилларида бошланган маданият, санъат, илм-фан, техника ва ижтимоий соҳаларда фаоллик кўрсатганига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, мулоқотда санъат ва маданият соҳаси бўйича ҳам мулоҳазалар юритилди. Исроил делегацияси Тошкентдаги Жазз фестивали ва унда қўшиқчилар иштироки ҳақида сўз юритди.
Эдуард Шапиро ўзбекистонликларни 2019 йил 27 май куни ўтказиладиган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича семинарга таклиф қилди. Мазкур тадбир қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли бўлган ёш тадбиркорлар учун ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Учрашув охирида томонлар келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди.






