Интернетдаги айрим ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро А.Ибодуллаевнинг Самарқанд шаҳридаги коллеж ҳудудида қурган “Мини стадиони” Миллий гвардия томонидан олиб қўйилаётганлигини иддао қилиниши кузатилмоқда. Миллий гвардия матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.
Маълум бўлишича, ушбу фуқаро 2013 йилнинг ўрталарида Самарқанд шаҳридаги коллеж раҳбариятига мурожаат этиб, коллеж ҳудудида фаолият кўрсатаётган 1785,0 кв.м бўлган очиқ стадионни ижарага олишга ва ушбу стадион ўрнига ёпиқ “Мини стадион” қурилишига рухсат беришини сўраган.
Коллеж раҳбарияти ҳам А.Ибодуллаевнинг таклифини қўллаб-қувватлаб, ушбу таклиф юзасидан вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига илтимоснома киритиб, ижарачи томонидан қурилишга сарфланадиган харажатларни уч томонлама ижара шартномаси асосида, ижара хақи ҳисобидан қопланишини маълум қилган.
Самарқанд вилояти Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан ушбу таклиф юзасидан “Мини стадион”да коллеж ўқувчилари учун жисмоний тарбия дарсларида мини футбол тури бўйича машғулотлар ўтказилишини инобатга олиб,масалага эътироз билдирмаган, яъни қўллаб-қувватлаган.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2015 йил 28 декабрь кунидаги қарорига кўра, Самарқанд шаҳар, Н.Ёқубов кўчаси 2-манзилда жойлашган – “Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи”га ўз ҳудудида жойлашган 1785,0 кв.метр ер майдонидаги очиқ футбол майдончаси ўрнига, “Ёпиқ мини футбол майдончаси” қуришга рухсат берилган.
Ушбу стадион қурилиши якунига етказилиб, фойдаланишга топширилганидан сўнг, “Давлат мулкини ижарага бериш маркази”, коллеж раҳбарияти ва тадбиркор ўртасида уч томонлама ижара шартномаси тузилган. Мазкур ижара шартномасини амал қилиш муддати 2017 йилнинг 31 декабрь кунига қадар белгилаб қўйилган. Аммо, фуқаро А.Ибодуллаев 2018 йилнинг 1 январь кунидан ушбу уч томонлама шартномани қайта тузмасдан фаолият юритиб келган.
Ҳукумат қарори асосида, 2018 йилнинг октябрь ойидан мазкур коллеж ҳудуди Миллий гвардия ихтиёрига ўтказилган. Шу давр оралиғида ушбу фуқаро ҳеч қандай ижара шартномасисиз, солиқ тўловларини амалга оширмай, қонунга зид равишда фаолият юритиб келган.
Коллеж ҳудуди давлат эҳтиёжлари учун Миллий гвардияга ўтказилганидан сўнг, фуқаро А.Ибодуллаев аввал ушбу мини стадионда тадбиркорлик фаолиятини давом эттиришни, кейинчалик эса мини стадион ўрнига ҳарбий қисм эҳтиёжлари учун бошқа бино қурилишини билгач, мини стадион учун сарфлаган ҳаражатларини Миллий гвардия ҳисобидан ёки вилоят ҳокимлиги, шунингдек, Ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси томонидан қоплаб берилишини сўраган.
Фуқаро А.Ибодуллаевнинг ушбу масалада Миллий гвардия қўмондони номига қилган мурожаати юзасидан унга “Мини стадион”ни қурилишига сарфланган маблағларни ундириш билан боғлиқ юзага келган низо бўйича Миллий гвардиянинг даҳли йўқлигини, ушбу масалада тегишли идораларга мурожаат қилиши кераклиги бир неча бор тушунтирилган.
Фуқаро А.Ибодуллаев Миллий гвардияни низоли масалага алоқаси йўқлигини онгли равишда билган ҳолда, Миллий гвардияга келиб, сарфланган ҳаражатларини вилоят ҳокимлигидан ундириб беришни илтимос қилган.
Фуқаро А.Ибодуллаев ўтган давр мобайнида вилоят ҳокимлиги томонидан унга тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши учун ажратилган ер майдонига кўчиб ўтмасдан, масалани қонуний хал қилиш ўрнига, ушбу масалада Миллий гвардия суд идораларига даъво киритганидан сўнг, гўёки у томонидан қурилган “Мини стадион” Миллий гвардия томонидан олиб қўйилаётгани бўйича турли давлат идораларига мурожаат қила бошлаган.
Ваҳоланки, ўтган давр мобайнида фуқаро А.Ибодуллаев билан ушбу масалада бир неча бор юзма-юз учрашилиб, амалдаги қонун ҳужжатларига асосан ҳаракат қилиши тушунтирилган, шунингдек, у томонидан ёзилган барча мурожаатларга расман жавоб берилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозим-ки, 2018 йилда ўз фаолиятини тугатган Самарқанд шаҳар, Н.Ёқубов кўчаси 2-манзилда жойлашган – “Самарқанд озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи”да Ҳукумат томонидан Миллий гвардия учун капитал қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Коллеж ҳудудидаги “Мини стадион” ҳарбий қисм учун керак эмаслиги, ушбу стадион ўрнига тасдиқланган режага кўра, бошқа объект қурилиши назарда тутилган. Аммо стадион кўчириб кетилмаганлиги ўрнига қурилиши лозим бўлган объектни белгиланган муддатда қурилишига тўсқинлик қилмоқда.






