Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов қаламига мансуб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифи таассуротларига бағишланган «Ўзбекистон «ньюсмейкер» давлатлар сафида» номли янги китоб чоп этилди, деб хабар берди “Ўзбекистон” нашриёт-матба ижодий уйи матбуот хизмати.
Ушбу китобда Президентимизнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан, 2018 йил 15-17 май кунлари мазкур мамлакатга амалга оширган биринчи расмий ташрифи доирасидаги учрашувлар, мулоқотлар ва музокаралар жараёнлари расмий манбалар, миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари маълумотлари билан бир қаторда, унда бевосита иштирок этган муаллифнинг шахсий қайдлари ҳамда таассуротлари муҳтасар таҳлил этилган.
- Ўзбекистонимизга, Президентимизга кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиром сиёсий-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим ва дипломатия, жамиятни демократлаштириш жараёнлари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги очиқ, самимий ва ишчан руҳда ўтган олий даражадаги учрашувларнинг муҳим хусусиятини белгилайди, - деб ёзади муаллиф. - «Америка овози» телерадиосининг дунё бўйлаб тарқалган шарҳларида эътироф этилганидек: «Ҳар сафар Президент Шавкат Мирзиёев сўзлаганида, Ўзбекистондаги туб муаммоларни ўзи кўтариб чиққанида ва муҳокама қилганида, Вашингтонда бу жуда юқори баҳоланди. Айниқса, унинг ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, халқ ҳукуматга эмас, деган тамойили, қолаверса, Тараққиёт стратегияси, Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастури АҚШда юқори баҳоланди».
Китобдан олий даражадаги мулоқотлар, имзоланган ўзаро манфаатли ҳужжатлар, АҚШ Конгресси ҳамда Давлат департаментидаги учрашувлар, Пентагондаги музокаралар, тарихий ташрифнинг хусусиятлари, шунингдек, АҚШ президенти ва давлатига оид қизиқарли фактлар ўрин олган.
Китобни қўлингизга олиб ундаги суратлар ва маълумотлар билан танишар экансиз, беихтиёр ўзингизни мана шу учрашувларда иштирок этгандек сезасиз, қалбингиз ифтихорга тўлади. Зеро, дунё эътироф этаётган, ривожланишнинг янги босқичига кўтарилиб, етакчи сиёсий «ньюсмейкер» давлатлар сафига қўшилган шундай юрт фарзанди бўлиш, унинг истиқболи учун ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримиз учун катта саодатдир.
Маълумот учун: «Ньюсмейкер» инглизчаnewsmaker сўзидан олинган бўлиб, «янгиликлар яратиш салоҳиятига эга» деган луғавий маънони англатади. Бу сўздан сиёсий доираларда, одатда, муҳим янгиликлар манбаи ҳисобланувчи ва катта таъсир кучига эга нуфузли шахс, ОАВда энг кўп тилга олинадиган воқеа ёки ташкилотни ифодалаш учун фойдаланилади. Мазкур китобда ушбу атама кенг маънода, яъни шиддатли янгиланишлар бошида турган – туб ислоҳотлар тимсолида янгиликлар яратишга салоҳиятли ва қодир эканини дунёга очиқ намоён этаётган Ўзбекистонга нисбатан қўлланилган.






