АсосийJamiyat

​Американинг “National geographic” телеканали вакиллари Андижонда

'​Американинг “National geographic” телеканали вакиллари Андижонда'ning rasmi

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан Америка Қўшма Штатларининг машҳур "National geographic" (Photogrhy life) телеканали вакиллари Насим Мансуров, Вильям Махер ва Патрик Келли мамлакатимизда бўлиб турибди.

Бир ой мобайнида улар мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, миллий қадриятларимиз, ҳунармандчилик намуналари ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бошқа жабҳаларини суратга олиб, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилувчи фотоальбом яратади.

Хорижий телеканал ижодкорларининг Андижон вилоятига ташрифи уч кун давом этди.

– Аслида Фарғонанинг Марғилониданман, – дейди ижодий гуруҳ раҳбари Насим Мансуров. – Истиқлол туфайли 20 йил муқаддам Колорадо штати университетига ўқишга кирдим. Сўнгра "National geographic" телеканалига ишга таклиф қилишди. Турфа мамлакатлар, турли халқлар маданияти билан танишдим. Дилимда эса Ўзбекистонни дунёга танитиш истаги бор эди. Бетакрор табиатимиз, бой тарихимиз, меҳмондўст халқимиз ҳақида ҳикоя қилувчи фотоасарлар яратишни ният қилдим. Бу истагим бугун амалга ошаётганидан бахтиёрман.


Президентимизнинг хориждаги ватандошларимизга мурожаатидан илҳомланган Насимжон ва унинг ҳамкасблари ўзларининг сара ишларини юртимиз нашриётларига беминнат тақдим этгани ҳам диққатга сазовор.

Ташриф давомида меҳмонлар вилоят марказидаги "Жомеъ" мажмуасини кўздан кечирди. Ҳунармандлар устахоналарини айланди, суҳбатлар қурди. Миллий қўғирчоқлар яратиш санъати, мисгарлик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик каби санъат намуналарини тасвирларга муҳрлади.

    Бошқа янгиликлар