Хитойнинг Мэйшань шаҳрида 12 ёшли мактаб ўқувчиси олти йил давомида ногирон дўстини елкасида кўтариб юрди, дея хабар қилмоқда Daily Mail нашри.
Сюй Бинъян ва Чжан Цзэ биринчи синфда дўст тутинишади. Чжан тўрт ёшлигиданоқ мушаклар тез чарчаб қолиши билан кузатиладиган хасталикка чалинган эди. Шу туфайли у мустақил ҳаракатлана олмасди.
Шунда Сюй дўстига мадад қўлини чўзади: уни ҳар куни опичлаб мактабга олиб келади, ошхонага кўтариб боради.
“Сюй Бинъян — менинг чин дўстим, — дейди Чжан. — У ҳар куни мен билан дарс тайёрлайди, суҳбатлашади, ўйнайди. Менга кўмак беришдан чарчамаётган дўстимдан ўла-ўлгунимча миннатдорман”. Сюйнинг ўзи эса бундай дейди: “Вазним 40 килодан ортиқ, Чжан Цзэ эса бор-йўғи 25 килограмм, шундай экан, дўстимни кўтариб юриш менга оғирлик қилмайди”.






