Бугун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан бўш иш ўринлари ярмаркалари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Меҳнат ярмаркасида соҳадаги 100 дан ортиқ корхона ва ташкилот, муассаса, давлат бошқаруви органлари ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этмоқдалар.
Соҳа корхоналари томонидан 225 дан ортиқ бўш иш ўринлари, давлат бошқаруви органлари ва хусусий тадбиркорлик корхоналари томонидан эса 1,2 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.
Айтиш жоизки, бутун жаҳонда кузатилаётгани каби, юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассисларга эҳтиёж жуда юқори. Мазкур тенденция ахборот технологияларининг соҳаларга чуқур кириб бораётгани билан боғлиқ.
Меҳнат ярмаркаси бир вақтнинг ўзида ТАТУнинг Самарқанд ҳудудий бўлинмаси (Шоҳруҳ Мирзо кўчаси, 37а-уй), Фарғона ҳудудий бўлинмаси (Мустақиллик кўчаси, 185а-уй), Қарши ҳудудий бўлинмаси (Бешкент трассаси 3 км), Урганч ҳудудий бўлинмаси (Урганч шаҳри, Ал-хоразмий кўчаси, 110-уй) ҳамда Нукус ҳудудий бўлинмаси (Нукус шаҳри, А.Досназаров кўчаси, 74-уй) тегишли манзилларида бўлиб ўтмоқда.
Меҳнат ярмаркасига ташриф буюрган иштирокчиларга ишга кириш учун ўтказиладиган суҳбатга 2 мингдан ортиқ йўлланма тақдим қилинди.






