АсосийJamiyat

АҚШнинг “JOHN DEERE” компанияси вакиллари “Ўзагротехсаноатхолдинг”АЖга ташриф буюришди

'АҚШнинг “JOHN DEERE” компанияси вакиллари “Ўзагротехсаноатхолдинг”АЖга  ташриф буюришди'ning rasmi

Бугун Америка Қўшма Штатларининг “JOHN DEERE” компанияси вакиллари “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятида бўлишди, деб хабар берди “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Матбуот хизмати.

Дўстлик ва шериклик руҳида бўлиб ўтган учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар, ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритдилар. Улар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва яқин истиқболдаги вазифалар хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ва дўстона алоқалар йўлга қўйилди. Бу ҳамкорлик эса дўстлик ва шериклик руҳида ривожланмоқда. “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги “Агротехмаш-ДД” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир. Айни дамларда мазкур корхонада “JOHN DEERE” брэнди остида турли русумдаги тракторлар, пахта териш машиналари ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган 2018 йилда корхонада жами 300 дона трактор ва пахта териш машиналари ишлаб чиқарилди. Тайёр маҳсулот эса мамлакатимиздаги деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берилди.

– Айни дамларда жамиятимизга қарашли, мазкур корхонада “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамияти ва “JOHN DEERE” компанияси ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, умумий қиймати 32,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 500 дона тракторларни ишлаб чиқариш юзасидан саъй-ҳаракатлар қилинмоқда, – дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Бу эса ўз навбатида деҳқоннинг оғирини енгил, ҳосилининг баракали бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф доирасида меҳмонлар “ЎзКлаасАгро” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Уларга бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

    Бошқа янгиликлар