Республика Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг январь ойида ўтказилган тезкор профилактик тадбирлар давомида жами 254 млн. 300 минг сўмлик акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдога қўйилганлиги аниқланиб, қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани, Содиқ Азимов кўчасидаги бекатда жойлашган савдо дўконида ўтказилган профилактик тадбир жараёнида акциз маркаси мавжуд бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган жами 11 турдаги 2 млн. 99 минг сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Худди шунингдек, Яккасарой тумани, Кичик Бешёғоч кўчаси, 132 А уйда жойлашган савдо дўконида хорижда ишлаб чиқарилган 97 турдаги, умумий қиймати 124 млн. 624 минг сўмлик акциз маркасиз алкогол ва 19 турдаги 5 млн. 526 минг сўмлик тамаки маҳсулотлари ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.






