Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Японияда истиқомат қилаётган ватандошимиз Маҳбуба Камолова билан ҳамкорликда тарғибот тадбирини ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг гастрономик туризм салоҳияти намойиш этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир қатнашчиларига ўзбек миллий таомлари, урф-одатлари ва халқимизнинг меҳмондўстлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Видеороликлар намойиши эса йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

— Тарғибот тадбири японияликларнинг она Ватанимизга бўлган қизиқишини оширди, — дейди Маҳбуба Камолова. — Юртимизда ташриф буюрувчи хорижлик меҳмонларга яратилаётган шароитлар билан танишиб ҳаммаси бир овоздан Ўзбекистонга бориш истагини билдиришди.
Миллий таомларимизни тайёрлаш жараёни бўйича ташкил этилган маҳорат дарси ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.






