Ҳафта ўртасида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳароратининг бир оз тушиши ва ёмғир ёғиши кутилмоқда.
12 февраль куни Ўзбекистоннинг катта қисмида ёғингарчиликлар кутилмайди, фақатгина жанубий қисмларига нам ҳаво оқимлари кириб келади ва айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзгидрометга таянган ҳолда хабар қилди.
Шу куни ҳаво ҳарорати кечаси +5…+7, кундузи +14…+17 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда.
13−14 февраль кунлари Ўзбекистон бўйлаб илиқ ҳаво массалари ортидан Волгабўйи минтақасидан совуқ ҳаво оқимлари кириб келади — республика бўйлаб ёмғир, шимолда — ёмғир, қор ёғиши мумкин. Пайшанба куни ҳаво ҳарорати +5…+10 даража бўлади.
Жума куни республиканинг катта қисмида ёғингарчиликлар тўхтайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин, қорга айланиш эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечаси −2…+3, кундузи — +7…+12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
16 февраль куни ёғингарчиликлар бўлмайди, ҳаво ҳарорати кундузи +10…+15 даражагача кўтарилади.






