Яқинда Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдужаббор Абдувахитовнинг мамлакатимизга Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) делегациясига бошчилик қилиб келган мазкур олий таълим муассасасининг проректори Артём Малгин билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда баҳорда Тошкент шаҳрида МГИМО битирувчиларининг V Халқаро форумини ўтказиш ва институт филиалини очиш билан боғлиқ амалий жиҳатлар муҳокама қилинди.
“Биргаликда келажак сари” номли МГИМО битирувчиларининг Биринчи Умумжаҳон форуми 2013 йилда Боку шаҳрида ўтказилиб, унда мазкур таълим муассасасининг 25 давлатдан келган 400 га яқин битирувчилари иштирок этган. Умуман МГИМО Битирувчилари ассоциацияси алоқа базаси 50 мингта исмдан ташкил топган.
Тошкент шаҳрида МГИМО филиали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича аввал эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши, жумладан, бинони таъмирлаш ва ўқув анжомлари билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
МГИМОнинг Тошкент филиали жорий йилнинг сентябрь ойидан бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича тўлақонли фаолият кўрсата бошлаши режалаштирилмоқда.






