АсосийJamiyat

Адлия вазирлиги ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонуний эканини аниқлади

'Адлия вазирлиги ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонуний эканини аниқлади'ning rasmi

Аввалроқ ўқитувчилар маошидан 500 мингдан ушлаб қолган ХТБ ходимлари жазога тортилгани ҳақида хабар берган эдик.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ушбу ҳолат юзасидан Амударё туманида ўрганиш ўтказилди.

Аниқланишича, Амударё туман ҳокимлиги томонидан тумандаги бюджет ташкилотлари ишчи ходимларининг табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда маиший чиқинди тўловлари бўйича 2019 йил февраль ойи учун режа тасдиқланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги маълумотига кўра, халқ таълими бўлимига коммунал тўловлар учун 600 млн.сўмлик мажбурий режа белгилаб берилган. Шу сабабли, туман халқ таълими бўлими томонидан тумандаги 82 та умумтаълим мактабида ишловчи 3 288 та ходимларнинг иш ҳақидан жами 440 млн. сўмлик пул маблағлари ушлаб қолинган.

Халқ таълими бўлими томонидан мактаблар ходимларининг иш ҳақларидан коммунал тўловлар учун ушлаб қолишда “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун тўловни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига риоя қилинмаган.

Низомга кўра, ташкилотлар коммунал хизматлар учун иш ҳақидан йиғимларни ходимларнинг ёзма розилиги билан ушлаб қолиши шарт.

Бироқ, коммунал тўлов учун ойлик иш ҳақи ушлаб қолинган 783 нафар ходимдан розилик ариза олинмаган ва жами 118 млн. сўм маблағ коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳисоб варағига ўтказиб берилган.

Шунингдек, Низомнинг 3-бандида коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланма тўғрисидаги аризада ходим ўз шахсий ҳисоб варағи, коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари ва ушланма амалга оширилиши зарур бўлган даврни кўрсатиши кераклиги белгиланган.

Лекин, коммунал тўлов учун ушлаб қолинган 2 016 нафар ходимдан олинган аризаларда шахсий ҳисоб рақами, тўланаётган давр, коммунал хизматлар қиймати ва тури кўрсатилмасдан жами 256 млн. сўм маблағ ушлаб қолинган.

Маълумот учун. 489 нафар ходимнинг (65 млн. сўмлик) пул маблағини ушлаб қолишда Низом талабларига риоя қилинган.

Ўрганиш натижаси бўйича аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва бунга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан интизомий чора кўриш ҳақида 2019 йил 9 февраль куни Амударё туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди.

Ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва бу учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир. Ходимларнинг иш ҳақидан фақат уларнинг розилиги билан ёки суд қарори асосида ушлаб қолиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра уларнинг иш ҳақининг маълум қисмини ушлаб қолишга йўл қўйилмайди.

    Бошқа янгиликлар