Бозор иқтисодиётида «хуфёна иқтисодиёт» деган атама бор. Бу – тадбиркорликни яширин тарзда амалга ошириш орқали солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиш деганидир.
Айни кунларда Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан яширин фаолият юритишни чеклаш, ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга барҳам бериш ҳамда солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш мақсадида профиликтик тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, пойтахтимизнинг Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 426-уйда фуқаро Бегали Турғунов (исм фамилиялар ўзгартирилган) 80 турдаги умумий қиймати 1 миллиард сўмдан зиёд 1858 дона гилам маҳсулотларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда савдога қўйганлиги аниқланди.
Ушбу савдо дўконидаги бир-биридан бежирим гиламлар ҳар қандай харидорни ўзига жалб қилиши шубҳасиз. Аммо, назорат тадбирида «уддабурон тадбиркордан» мазкур маҳсулотларнинг кирим ҳужжатлари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномалар сўралганида сукут сақлашдан нарига ўтмади.
Профиликтик тадбирлар давомида яна бир фуқаро Фурқат Асроров (исм фамилиялар ўзгартирилган) Олмазор тумани, Қора-Қамиш 2/4 даҳаси, Юнусова кўчасида давлат рўйхатидан ўтмасдан яширин цех ташкил этиб, эркаклар пойафзали ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Энг ачинарлиси, ёнғин хавфсизлиги, тиббий гигеник қоидаларга зид равишда фаолият юритаётган ушбу корхонада 20 нафарга яқин фуқаро норасмий равишда ёлланиб, ишлаб келмоқда.
Назорат тадбири давомида фаолиятини бошлаб, аммо тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ушбу фуқароларга рўйхатдан ўтиш тартиби, солиқ тўловлари, ноқонуний тадбиркорликнинг салбий оқибатлари ҳамда қонуний фаолият юритишнинг афзалликлари батафсил тушунтирилди. Шундан сўнг улар солиқ идоралари ҳам амалий ҳам ҳуқуқий кўмаги билан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди.
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш юзасидан ўтказилаётган бу каби профилактик тадбирлар давом эттирилади.






