АсосийJamiyat

Метро бекатида "Навоий гулшани" акцияси ўтказилди

'Метро бекатида "Навоий гулшани" акцияси ўтказилди'ning rasmi

Тошкент метрополитенининг Алишер Навоий бекатида Халқ таълими вазирлиги, Республика болалар кутубхонаси, Тошкент метрополитени бошқармаси ҳамкорлигида “Навоий гулшани” деб номланган акция ўтказилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Буюк шоир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан ташкил этилган акция Алишер Навоий адабий меросини ўрганиш, унинг авлодларга қолдирган бой маданий-маърифий меросини тарғиб қилишга хизмат қилди.

Акцияда метронинг кириш қисмида йўловчиларга Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижодига оид саволлар берилди. Шунингдек, шоир ғазалларидан намуналар ўқиб бериш сўралди. Ғолиб йўловчилар метрополитендан фойдаланиш учун бир марталик жетон ва бадиий китоблар билан тақдирланди. Тадбирда юртдошларимиз фаол қатнашди. Навоий асарларидан парчалар ёзилган тарқатма материаллар йўловчиларга тарқатилди. Қатнашчилар ўзларига берилган байтни баланд овозда ўқиди.

Метро бекатида акция ўтказилди

Тадбирдан кўзланган мақсад юртдошларимизни, айниқса, ёшларни китобхонликка жалб этишдир. Тарғиботнинг ўзига хос бу усули жуда қизиқ ва кўтаринки кайфиятда ўтди.

Ноёб ва бетакрор меъморчилик санъатини ўзида жамлаган Тошкент метрополитенининг Алишер Навоий метро бекати 1984 йилнинг 8 декабрида ишга туширилган бўлиб, дунёдаги энг гўзал метро бекатларидан бири ҳисобланади.

Йўловчилар Алишер Навоий метро бекатида мутафаккирнинг ўлмас ижодини яна бир бор ёдга олди.

    Бошқа янгиликлар