Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида муддатли ҳарбий хизматчилар буюк саркардаларимизнинг ҳаёти ва жасоратини чуқур билишини таъминлаш мақсадида белгилаб берган вазифаларни ижро этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида “Ватанпарвар” газетасида муддатли ҳарбий хизматчилар ва “Темурбеклар мактаби“ ўқувчилари ўртасида “Темур тузуклари” билимдони” танлови ўтказилган эди.
Ушбу танловга барча ҳарбий округлардан уч юздан ортиқ ижодий иш келиб тушди. Улар орасидан бадиий жиҳатдан мукаммал ва маҳорат билан ёзилган энг сара асарлар танлаб олинди. Ниҳоят, танлов иштирокчилари орзиқиб кутган кун келди.
“Ватанпарвар” бирлашган таҳририятида “Темур тузуклари” билимдони” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, биринчи ўринни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округидан муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Муродилла Абдуҳамидов эгаллади ва энг кам иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди. Иккинчи ўринга Марказий ҳарбий округи вакили, муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Рузматбек Бердалиев ва Самарқанд “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси Муҳриддин Рўзиев эгалик қилди ҳамда энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида пул мукофоти ва дипломни қўлга киритди. Учинчи ўринни муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Намозали Ҳакимов (ДХХ чегара қўшинлари), Ўрол Қудратов (Тошкент ҳарбий округи) ва Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Фаррух Асатов эгаллади ҳамда энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида пул мукофоти ва диплом билан тақдирланди.







