Дейлик, фарзандингиз ухлашни истамай хархаша қиляпти. Сизнинг эса у билан муроса қилгингиз йўқ. Сизни тушунса бўлади, ишда чарчагансиз, эрталаб яна барвақт туришингиз керак. Хўш, нима қиласиз? Аксарият ота – оналар бу каби ҳолатларда қўшимча кучларни ёрдамга чақиришади. Яъни болага алвасти, маҳлуқ, ялмоғиз кампир, баҳайбат ит ёки шарпалар ҳақида айтиб, қўрқитишади. Эшитганларини хаёлан тасаввур қилган болакай табиийки ишонади. Аммо бу кейинчалик жиддий муаммо – тунги қўрқувга сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассис: Лайло НОДИРОВА, психолог
«Ана,олабўжи келяпти»
«Ҳозир дадангни чақираман», «Кўзингни юммасанг, сени олабужига бериб юбораман»мазмунидаги гаплар билан бола руҳиятига таъсир ўтказилганида, ундаги қўрқув ҳисси аста – секин каттариб боради. Ва маълум даражага етганида, у бола танасида «блок» ҳосил қилади.
Одатда, «блок» аниқ образга эга бўлади. Қачонки бола бирор нимадан қўрқса, хаёлан ана шу образ «уйғонади».
Пластилин усули
Мазкур психологик усул ҳар қандай ёшдаги болаларга мос келади. Уни ҳатто катталар ҳам бажариб кўришлари мумкин.
Фарзандингизни курсига қулай ўтказиб, олдига рангли пластилин қўйинг. Сўнг машғулотни бошлаш учун кўрсатма беринг: «Кўзларингни юмиб, нимадан қаттиқ қўрқишингни эслаб кўр. У кўз олдингда номоён бўлганида, танангнинг қайсидир қисмида титроқ сезилади. Бош, оёқлар, қўллар, қоринда бўлиши мумкин. Ана шу титроқни ҳис эт ва ички нигоҳинг билан унинг кўринишини тасвирлаб бер. Каттами, кичикми, думалоқми, балки бирор жониворга ўхшар? Шакли, ранги қандай?» Бола кўзларини очгач, пластилин ёрдамида ўз қўрқувини ясаши керак.
Пластилинда ҳосил қилинган шаклни боланинг қўлига тутказиб, унга шундай денг: «Бу сенинг қўрқувинг. Ҳозир сен билан бирга ташқарига чиқамиз-да, уни ерга кўмиб қўямиз». Вазифа бажарилгач, болага тушунтириш керак: «Қўрқувингни ер ютиб юборди. У энди сени безовта қилмайди, у йўқ бўлиб кетди». Бу гап бир неча бор таъкидланганида бола онгостидаги дастур ўзгаради.
Шар билан ишлаш техникаси
Фарзандингизнинг қўлига рангли шарни тутқазинг-да, унга шундай денг: «Мана шу шар ичига ўзингдаги барча қўрқувларни жойлагин-да, шишир». Масалан, «Мен дадамдан қўрқаман», «Ўргимчакдан...», «Ёмон баҳо олишдан...», дея бола ўзидаги қўрқувларни пуфак ичига жойлайди.
Шар шиширилгач, уни ип билан боғланг-да, болага савол беринг: «Қўрққанингда қаеринг қалтирайди?» Қўллар, оёқлар ёки қориннинг пастида титроққа ўхшаш сезги бўлади. Бола қўрқув ҳудудини айтганидан сўнг шарни ўша соҳага олиб бориб, ёриши керак. Дейлик, бу тизза учи бўлсин. Болакай шарни тиззасига олиб бориб, сиқиб ёради. Борди-ю, шар ёрилмаса, демак, қўрқув охиригача чиқиб кетмаган. Бунда шар яна шиширилади.
Шар ёрилганида боланинг ҳолатига эътибор беринг: у бўшашади. Бу машқ беш кун давомида бир маҳалдан такрорланади.
Расм чизамиз
Стол устига рангли бўёқлар, оқ қоғоз ва мўйқалам қўйинг. Сўнг фарзандингизга савол беринг: «Қўрқувинг нимага ўхшайди? Уни қандай тасаввур қиласан?», дея. Бола кўз олдида жонланган тасвирни рангли бўёқлар ёрдамида чизиб бериши керак. Ишини тугатгач, яна савол беринг: «Ҳеч нима қолиб кетмадими?», деб. Бола қўрқувини тўлиқ чизиб бўлгач, унга шундай дейсиз: «Ана энди қўрқувингни сувга оқизиб юборамиз».
Расм оқар сувда ушлаб турилади. Бола бу ҳолатни кузатиб туриши керак. Қоғоз намиқиб, бўлиниб йўқ бўлиб кетмагунича ушлаб туринг. Сўнг бола билан нафас машқини бажаринг. У уч марта чуқур нафас олиб, ўпкани бўшатиши керак.
Мазкур усул кўп ҳолларда биринчи бажарилганидаёқ натижа беради.
Қоғоз қути
Кейинги машқ қўрқувлар қамоқхонаси деб аталади. Уни бажариш учун қоғоз қути керак. Бола ўз қўрқувларини пластилинда ясаши, қоғозга тушириши ёки шар ичига пуфлаб киритиши мумкин. Сўнг улар қутига жойланади. Ҳар сафар бола бирор нимадан қўрққанида қути ичига ҳиссиётлари ифода этилган нарса – буюмни солади. Сиз, ота – оналар эса қутини ахлатхонага олиб бориб, бўшатиб келишингиз лозим.
Мазкур усул бола руҳиятининг тозаланишига ёрдам беради.
Эртак терапия
Психолог боланинг ёши, қўрқувларидан келиб чиққан ҳолда эртак ёзади. Бу эртак 10 кун – 2 ой давомида ҳар куни бола ухлашга ётганида айтиб берилади. Эртак терапия болада ички хотиржамликни пайдо қилади. У барча кўринишдаги қўрқувлардан халос бўлади.
Самира УЛУҒБЕКОВА






