Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Мазкур концепцияга мувофиқ йўловчилар ташувини ривожлантириш, доимий транспорт қатновини йўлга қўйиш ва қулай туташ боғламаларини ташкил этиш бўйича мақсадли лойиҳалар ишлаб чиқилади. Туризм марказларини бирлаштирувчи янги автомобиль йўлларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишдаги самарали ишланмалар ҳаётга жорий этилади.
ЎзА мухбири билан суҳбатда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.б. Абдулазиз АККУЛОВ билан бу борада амалга оширилиши кўзланган ишларга атрофлича тўхталди.
— Мамлакатимиз ҳудудлари ўртасида авиақатновларни ривожлантириш мақсадида "FlyDubai" авиакомпанияси билан келишувларга эришилган. Чунончи, компания жорий йилнинг 11 мартидан юртимизга авиақатновларни амалга ошира бошлайди. Шунингдек, ушбу соҳадаги манфаатли келишувларга эришиш бўйича яна 10 дан ортиқ авиакомпания билан музокара олиб борилмоқда, – деди А.Аккулов. – Янги темир йўл линияларини қуриш, мавжудларини такомиллаштириш, юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берувчи электропоездлардан фойдаланишни кенгайтириш сифатли транспорт хизматларини кўрсатишни таъминлайди. Шу мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Испаниянинг "Talgo" компаниясида ишлаб чиқариладиган юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлардан яна 2 тасини харид қилишни режалаштирган.
Шунингдек, 2 та янги авлод самолёти – "Boeing 787 Dreamliner"ни харид қилиш, “Тошкент-Шарқий” замонавий аэропортини қуриш, “Андижон – Савай – Хонобод” темир йўл участкасини модернизация қилиш, Тошкент метрополитенининг Юнусобод, Сирғали ва Тошкент шаҳри айланма ер усти қисмининг биринчи босқичини қуриш ишлари амалга оширилади.
Шу билан бирга, минтақавий транспорт алоқаларини ривожлантиришда мамлакатимизга лоукостерлар жалб этилиб, авиа ва темир йўл қатновлари оширилади, республика ҳудудлари ва минтақа давлатлари ўртасида мунтазам автобус, темир йўл ва авиақатновлари жорий этилади.






