Венесуэлада иқтисодий ва сиёсий инқирозли вазият туфайли келиб чиққан намойишларда қурбон бўлганлар сони 35 нафарга етди, дея хабар берди Trend нашри.
Шунингдек, ҳукуматга қарши норозиликлар туфайли 850 киши ҳибсга олинган. Айни вақтда мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо аҳолини Европа давлатлари томонидан мамлакатда президент сайлови ўтказишга қаратилган ультиматумни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
Гуайдо ўзининг Twitterдаги саҳифасида “Нима учун биз ҳар куни намойишлар ўтказяпмиз? Одамлар ҳар куни ўз ҳаётлари учун курашмоқда. Агар намойишчилар қўллаб-қувватланса, ҳарбийлар ва давлат хизматчилари одамлар билан курашишга мажбур бўлишмайди”, – дея хабар қолдирган.






