АсосийJamiyat

Кўп тармоқли "Хумо Арена" муз саройи қачон ишга тушади? (фото)

'Кўп тармоқли "Хумо Арена" муз саройи қачон ишга тушади? (фото)'ning rasmi

Бугун мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланган.

Ҳозир юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, янги, замонавий иморат ва иншоотлар барпо этилаётганига гувоҳ бўласиз. Пойтахтимизнинг қоқ марказида қурилаётган кўп тармоқли “Хумо” муз саройи ҳам шундай масканлардан биридир, деб ёзмоқда ЎзА.

Ўзбекистондаги биринчи муз саройи

photo5368640100331792961.jpg

Ўзбекистондаги биринчи муз саройи 1970 йилда барпо этилган бўлиб, “Юбилейный” номи билан юритилган бу масканда Тошкентнинг “Бинокор” хоккей жамоаси ҳамда фигурали учиш усталари машғулотлар олиб бориш имкониятига эга бўлишган. “Бинокор” жамоаси эса хоккей бўйича Собиқ Иттифоқ биринчиликларида иштирок этгани, мамлакатимиздан ўша йиллари ажойиб фигурали учиш усталари етишиб чиққанини ёши катта юртдошларимиз яхши билишади. Афсуски ўтган асрнинг 90-йилларида, яъни шўролар ҳукумати парокандаликка юз тутган бир пайтда ушбу маскан эгасиз ва қаровсиз ҳолатда қолди. Шундан сўнг фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

Қурилиш ишлари қай даражада?

1.jpg

Мамлакатимизда кўп тармоқли “Хумо” муз саройини барпо этиш ғояси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга тегишли бўлиб, мажмуани қуриш ишлари 2017 йилнинг январь ойидан бошланган. Бугунги кунда кўп тармоқли “Хумо” муз саройида қарийб 80-85 фоизлик ишлар бажариб бўлинган. Агар ҳаммаси рисоладагидек кетадиган бўлса, қурувчилар ушбу муҳташам спорт мажмуасини баҳорнинг илк ойида фойдаланишга топшириши кутилмоқда. Шу мақсадда мажмуада 300га яқин ишчи икки сменада меҳнат қилмоқда.

Аслида лойиҳани 2018 йилнинг охирида якунлаш режалаштирилган эди. Бироқ, баъзи сабабларга кўра қурилиш ишлари чўзилмоқда. Муҳими – қурувчилар шошма-шошарликка йўл қўйиб, “мендан кетгунча, эгасига етгунча”, қабилида иш юритиб, иншоотни сифатсиз ҳолда фойдаланишга топширишга интилмаяпти, аксинча, ҳар жиҳатдан пишиқ ва асосийси халқаро талабларга жавоб берадиган қилиб қуришга ҳаракат қилишяпти.

Нега мажмуа “Хумо” деб номланди?

photo5368640100331792967.jpg

Лойиҳачилар иншоот дизайнини яратишда ўзбек халқ эртакларидаги севги-муҳаббат, бахт ва ҳурлик рамзи – Хумо қушига эътибор қаратишган. Лойиҳага кўра саёҳат йўлакчалари дизайни Хумо қушининг қанотларига ўхшатиб қурилади. Юқоридан қараганда мажмуа шу афсонавий қушни эслатиб юборади. Шу боис кўп тармоқли муз саройига “Хумо Арена” номи берилди.

Муз саройида яна қайси спорт турлари ўйналиши мумкин?

photo5368640100331792963.jpg

Савол туғилиши мумкин: нега мажмуа кўп тармоқли “Хумо Арена” муз саройи, деб номланган? Мажмуанинг бош аренаси қишки спорт турларидан бўлмиш хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг бўйича мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган. Бу спорт турлари муз устида ўйналади. Шу билан бирга ушбу аренада спортнинг баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, қолаверса бокс ва таэквондо йўналишлари бўйича ҳам мусобақалар ўтказиш мумкин. Муз устида бу спорт турлари қандай ўйналиши сизни таажжублантираётган бўлиши табиий. Ажабланишга ҳожат йўқ, бунинг йўли жуда осон. Муз майдони устига махсус қоплама, яъни гиламга ўхшаш мато тўшалади. У музга шикаст етишининг олдини олади. Кейин эса майдон устига ўйин турлари учун махсус паркет, бокс учун ринг ёки таэквондо даянини тўшаш ҳамда мусобақани ўтказиш мумкин. Қолаверса худди шу усулда концерт саҳнаси қуриш ва томоша кўрсатиш имконияти ҳам мавжуд. Шунинг учун ҳам мажмуа кўп тармоқли муз саройи, деб юритилади.

“Хумо Арена”нинг имкониятлари

20171228_HumaArena_camTop1111_.jpg

Мажмуанинг бош аренаси 12 500 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. Шунингдек, бу мажмуада 300 ўринга мўлжалланган кичик арена, яъни машғулотлар майдони ҳам барпо этилади. Кичик арена асосан қишки спорт турлари билан шуғулланиш учун мўлжалланган. Дарвоқе, ҳар икки муз майдонининг ўлчамлари 60×30 метрни ташкил қилиб, бу Олимпия талабларига тўлиқ жавоб беради.

Кўп тармоқли “Хумо Арена” муз саройи ер остида битта ва ер устида олтита қаватдан иборат бўлиб, умумий майдони 82 250 м²га тенг. Бинонинг баландлиги эса 40 метрни ташкил этади. Мажмуанинг ер ости қаватидан ишчи-ходимлар учун ечиниш ва ювиниш хоналари ўрин олади. Ушбу мажмуа ўз ичига спорт музейи, тренажёр заллари, фитнес-марказни ҳам қамраб олиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, мажмуада томошабинлар учун барча қулайликлар муҳайё этилади. Буерга келган юртдошларимиз ёки хорижлик меҳмонлар учун спорт дўкони, ёпиқ болалар майдончаси, буфет ва ресторанлар, тиббиёт хоналари, ҳожатхоналар хизмат кўрсатади. Шуни таъкидлаш жоиз, умумий хизмат кўрсатиш масканлари ҳар бир қаватда барпо этилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, кўп тармоқли “Хумо Арена” муз саройига шахсий автоуловида келадиган меҳмонлар машинасини қаерга жойлаштириш борасида ғам чекишига ҳожат йўқ, чунки бу ерда қарийб 1 500 та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ ҳам барпо этилади.

Сир эмаски, юртимизда йилнинг аксарият пайтида ҳаво иссиқ бўлади, айниқса ёзнинг жазирамасида ҳарорат қарийб 50 даражага кўтарилади. Хўш, бундай пайтда “Хумо Арена” муз майдони музли қоплама қандай ушлаб турилади? Маълумки, сув 0 даражада музлайди, унинг янада жипслашиши учун эса ҳарорат 0 даражадан паст бўлиши керак. Ушбу мажмуада муз қопламаси эриб кетмаслиги учун ҳаво ҳарорати -6 даража атрофида ушлаб турилади. Шундай экан, ёзнинг иссиқ кунларида фарзандингизни “Хумо Арена” муз саройига олиб борсангиз, қалинроқ кийиниб олишни маслаҳат берамиз.

Хорижий ҳамкорлар борасида

Кўп тармоқли “Хумо Арена” муз саройи қурилишида ўндан ортиқ хорижий фирма ва компаниялар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Жумладан, мажмуанинг муз майдонини қуриш ишларига “Proftexnology” компанияси масъул саналса, бинонинг фасад қисми Германиянинг “Zambila” компанияси томонидан барпо қилинмоқда. Шунингдек, бино қурилишида дунёга машҳур Австриянинг “Oberhofer”, Россиянинг “Бриг” ҳамда “Пи Арена”, Испаниянинг “Euro Seating” каби компания ва фирмалари ўз хизмат турлари билан қатнашмоқда.

3.jpg

4.jpg

5.jpg

6.jpg

9.jpg

10.jpg

11.jpg

12.jpg

    Бошқа янгиликлар