АсосийJamiyat

Навоийда хусусий боғча очиш баҳонасида фирибгарлик қилганлар ушланди

'Навоийда хусусий боғча очиш баҳонасида фирибгарлик қилганлар ушланди'ning rasmi

Учқудуқ туманида хусусий мактабгача таълим муассасаси очиб, ноқонуний даромад топмоқчи бўлганларнинг найранглари фош этилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

Учқудуқлик тадбиркор Гуллола Хўжаева (исм-шарифлар шартли) туманда хусусий боғча фаолиятини йўлга қўйишни ният тутиб, ҳужжатларни расмийлаштириш билан бирга муассаса учун кадрлар топиш ишларини ҳам бирваракайига бошлаб юборди.

— Иш ахтариб юрган танишларинг бўлса гаплашавер, фақат ишончли бўлсин, — деди у таниши Гуласалга.

Икковлон ҳали қурилиши режалаштирилаётган муассасада яратилажак 16 та иш ўрнининг «ставка»ларини ўрнатиб олди. Унга кўра олий маълумотли тарбиячилар «бепул», ўрта маълумотли ёрдамчи тарбиячи, ошпаз ва техник ходимларнинг «ставка»си 3 миллиондан 4 миллион сўмгача белгиланди.

Бандлик муаммоси Учқудуққа ҳам долзарб. Туманнинг ўнлаб ёшлари қатори Хуршида ҳам иш ахтараётган эди.

— Сенбоп иш бор, харажатидан қочмасанг бўлди, — деди унга Гуласал. — 4 миллион сўм кетади. Олий маълумотли бўлганингда бошқа гап эди.

Савдо 3 миллион 800 минг сўмга пишиб, пул эртага келтирилишига келишилди. Бироқ Гуллоланинг сабри чидамади.

— Бугун кечқурун келишилган пулни олиб келмасанг, ўрнингга бошқа одам оларкан, — деди шартни Хуршидага етказган Гуласал.

Хуршида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди. «Қадрдонлар» ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Уларнинг ҳар иккисига жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 40-50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

    Бошқа янгиликлар