АсосийJamiyat

Самарқанддаги мактаблардан бирига немис файласуфи номи берилди​

'Самарқанддаги мактаблардан бирига немис файласуфи номи берилди​'ning rasmi

16 январ куни Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мактабга немис файласуфи, тилшунос олим Вилҳелм фон Хумбольдт номи берилди.

Ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари С.Бобохўжаев, Германиянинг хориждаги мактаблари марказий бошқармаси мувофиқлаштирувчиси Барбара Дамбольдт, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Немис тилига ихтисослашган ушбу мактабда 2 минг 260 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда ва муассасада 2001 йилдан буён немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.

115 нафар педагог-мураббийлар сабоқ бераётган мактаб ўқувчилари республика ва халқаро миқиёсда ўтказиладиган фан олимпиада ва танловларда мунтазам қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 20-22 январь кунлари Германия Федератив республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи арафасида мактабга бундай ном берилиши давлатларимиз ўртасида илм-фан, таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Барбара Дамбольдт мактаб таълим жараёнлари билан танишиб, бу ерда ўқитувчи ва ўқувчилар учун замон талаблари даражасида шароит яратилганини қайд этди. Ўқувчилар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг зеҳни, дунёқараши кенглиги ва немис маданияти ҳақида бой тасаввурга эга эканликларидан хурсандлигини билдирди.

    Бошқа янгиликлар