Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Ҳиндистондаги Халқаро инвестиция саммитида иштирок этади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов чоршанба куни Халқаро пресс-клуб мажлисида маълум қилди.
Неъматовнинг сўзларига кўра, саммит 18−20 январь кунлари Гужарат штатида бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев 18 январь куни амалий ташриф билан боради. Бизнес-форумнинг асосий тадбирлари ўша куни бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Унга давлатлар, халқаро жамғармалар ва йирик компаниялар раҳбарлари таклиф қилинган.
21−23 январь кунлари Ўзбекистон президенти Германияга расмий ташриф билан боради, дея қўшимча қилган Неъматов.






