Хитойнинг шарқий Чжэцзян провинциясига яқин қирғоқда Тайваннинг “Лондон” номли юк кемаси чўкиб кетди, деб хабар берди РИА Новости нашри.
Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, тўққиз киши бедарак йўқолган. Беш нафар экипаж аъзоси қутқарилган. Маълумотларга кўра, кема номаълум сабабларга кўра маҳаллий вақт билан соат 04:30 да сувга ғарқ бўлган. Унинг бортида 14 нафар Мьянма ва бир нафар Тайван фуқароси бўлган.
Кема Тайваннинг Гаосюн шаҳар портидан Тайчжоу шаҳри томон йўлга чиққан эди. Айни вақтда қидирув ва қутқарув ишлари давом этмоқда.






