АсосийJamiyat

Республикадаги 9636 та мактаб ва 85 та олий таълим муассасаларига 470 минг дона китоблар бепул тарқатилади.

'Республикадаги 9636 та мактаб ва 85 та олий таълим муассасаларига 470 минг дона китоблар бепул тарқатилади.'ning rasmi

Болалар ва ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш мақсадида “Ёшлар кутубхонаси рукни остида 200 номдаги китобларнинг чоп этилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи китобларни чоп этиш учун 10 млрд.сўм маблағ ажратди. 2018-2019 йиллар давомида барча умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларига ўзбек мумтоз адабиёти ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари етказиб берилади. Ушбу китоблар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйлаб тарқатилади.

—Келгуси йилда китобларни рус ва инглиз тилларида ҳам чоп эттириш ва чекка-чекка қишлоқларга етказиб беришни мақсад қилганмиз, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттаханова.

Ҳозирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошидаги «Ёшлар нашриёт уйи» да “Ёшлар кутубхонаси рукни остида 47 номдаги бадиий китоблар 10 минг нусхадан жами 470 минг дона китоб ҳолида чоп эттирилди. Мазкур китоблар тўплами Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги орқали Республикадаги 9636 та мактаб ва 85 та олий таълим муассасаларига етказиб берилиши белгиланган.

—Бадиий асарларнинг электрон вариантидан кўра китобнинг ўзини мутолаа қилган маъқулдир. Асарнинг электрон шаклини ўқиш қовун ўрнига қовун қоқисини еб, чекланишдек гап, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Бозоров.

Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан «Ёшлар пресс клуби»да Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсияси асосида шакллантирилган «Ёшлар кутубхонаси» рукни остидаги китобларни тегишли вазирликлар раҳбарларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Бозоров ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзолар иштирок этди.

—Ҳар бир мактабда «Китобхонликка қайтяпмиз» деган ёзувли пештахталар ўрнатилиши, китобхонликка бағишланган танловларни мактабларда ҳам мунтазам ўтказилиши ёшларни билим олишга бўлган иштиёқини оширади. Китобхонликда тўғри танлов муҳим аҳамиятга эга. Бунда ёшларнинг қалбидан ўзи бир оҳанг келади. Ёшига ва руҳиятига мос китоб танлай олсагина, уларнинг маънавий чанқоғи босилади, – дейди адиб Худойберди Тўхтабоев.

Шаҳноза Нуруллаева

    Бошқа янгиликлар