Президентимизнинг 2016 йил 29 ноябрдаги “Тошкент метрополитенининг Сергели линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу лойиҳанинг узунлиги 7,1 километрни ташкил этади. Асосий лойиҳа “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, ушбу йўналишдан 6 та бекат ўрин олган. Бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус лифт ва эскалаторлар ўрнатилади.
Сергели метро линиясининг аҳамиятли жиҳати шундаки, у нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ҳам бугунги кунгача қўлланилмаган бутунлай янгича эстакада усулида бунёд этилмоқда.
Қурилишнинг бошидан то ҳозиргача тажрибали мутахассислар томонидан қурилиш меъёрлар ва техник талаблар асосида белгиланган жадвал бўйича ишлар амалга ошириляпти. Қурилиш-монтаж жараёнлари учун зарур бўлган замонавий техникалар ва механизмлар олиб келинди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент метрополитенининг ушбу янги линияси 2020 йилга қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.






