Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида махсус комиссия 2018-йил якунларига кўра мамлакатимизнинг энг яхши спортчисини аниқлади.
Жорий йилда ўтказилган жаҳон чемпионатлари, Индонезия мезбонлик қилган XVIII ёзги Осиё ўйинлари ҳамда Аргентина қабул қилган III ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган 28 нафар ҳамюртимиз “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубогига даъвогар сифатида эътироф этилган эди.
Номзодлар орасида Осиё ўйинларида чемпион бўлган, кўплаб халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашган спортчилар номи бор эди. Жумладан, Бекзод Абдураҳмонов, Мўминжон Абдуллаев, Диёрбек Ўрозбоев, Исроил Мадримов, Светлана Радзивил, Вадим Менков ҳамда Денис Истомин каби юлдузлар ҳам рўйхатдан ўрин олган эди.
1-10-ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача бўлган вазнда даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган Акбар Жўраев мамлакатимизда “Йилнинг энг яхши спортчиси” номига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатда 19 ёшли атлетимиз иккикурашда ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаб, амалдаги олимпия ўйинлари чемпиони ҳамда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони каби кучли рақибларни ортда қолдирганди. Шунингдек, Акбар Жўраев шу йилнинг баҳорида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган, ёзда эса ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган эди.
Акбар Жўраев “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубоги, белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 минг АҚШ долларига тенг миқдорида пул маблағи билан тақдирланди.






